Пумсе бўйича Ўзбекистон чемпионлари аниқланди
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида жойлашган “Алпомиш“ спорт саройида старт олган таэквондо WТ бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатининг пумсе йўналиши бўйича кадетлар ва ёшлар беллашувида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Чемпионатнинг кадетлар йўналишида Робия Мирасқарова ҳамда Азизбек Собиров яккалик чиқишларида олтин медални қўлга киритган бўлса, жуфтликлар ўртасида Ф.Холмаҳаматов ва Д.Қудмуродова тандеми ғолиб бўлди. Жамоваий баҳсларда Фарғона қизлар жамоаси биринчи ўриндан жой олди. Ушбу йўналишнинг ўғил болалар беллашувларида Тошкент вилояти пумсечиларига тенг келадигани топилмади.
Ёшлар ўртасидаги яккалик баҳсларида Муштарий Илҳомжонова ва Камрон Абдуҳамидов шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Шунингдек, Р.Раҳмонбердиев ҳамда Р.Отабоева жуфтликлар орасида энг яхши натижани қайд этди. Тошкент шаҳри жамоаси қизлар ўртасидаги жамоавий беллашувларда мамлакат чемпионига айланди. Бу йўналишда йигитлар ўртасидаги рақобатда Фарғона вилояти жамоаси биринчи бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА