Пучон университети ректори билан мулоқот
Корея Республикасидаги Пучон университети ва унинг Тошкент шаҳридаги филиали раҳбарларидан иборат делегацияни олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов қабул қилди.
Унда Жанубий Кореядаги Пучон университети ректори жаноб Хон Жонг Сок, биринчи проректори Лее Жонг Бок ҳамда Пучон университети Тошкент шаҳар филиали ректори Виктор Нам делегацияси билан биргаликда олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутасадди раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, Тошкент шаҳридаги Пучон университети Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги қарорига биноан мамлакатимиз ва Корея Республикаси ҳамкорлигида ташкил этилган.
Унда мактабгача таълим, корейс тили ва менежмент, архитектура каби йўналишлар мавжуд.

Мазкур олий таълим муассасаси Ўзбекистон Республикасининг таълим соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларини инобатга олган ҳолда Пучон университетининг (Корея Республикаси) ўқув режалари ва дастурлари асосида таълим фаолиятини амалга оширади. Ўқув жараёнлари кредит-модуль тизимига асосланган.
Учрашувдан кўзланган мақсад олий таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, шунингдек, томонларни қизиқтирган масалаларни муҳокама қилишдан иборат бўлди. Шуни айтиш жоизки, Пучон университети ректорининг Тошкент филиалига илк ташрифи эсда қоларли таассуротлар билан якунланганини кореялик мартабали меҳмон алоҳида таъкидлади.
Ҳар икки давлатнинг олий таълим соҳаси мутасаддилари мазкур учрашувда ҳамкорликнинг давомий ҳамда самарадор бўлишига ишонч билдирди. Олий таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг келгуси истиқболлари белгилаб олинди.
Н.Усмонова, ЎзА