Прокурор мусобақа иштирокчилари билан очиқ мулоқот ўтказди
Сирдарё вилояти прокурори Савид Иматов “Ёшлар куни” доирасида Гулистон шаҳридаги Болалар спорт мажмуасига ташриф буюриб, гандбол бўйича ўсмир қизлар ўртасида ўтказилаётган “Сирдарё вилояти кубоги” мусобақаси иштирокчилари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Ташриф аввалида вилоят прокурори спорт мажмуасида ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар, машғулотлар жараёни ва спорт инфратузилмаси билан танишди. Мураббийлар ҳамда ёш спортчилар билан суҳбатда уларнинг мусобақаларга тайёргарлиги, эришган натижалари, келгусидаги режалари ҳамда спортни ривожлантиришга оид таклифлари муҳокама қилинди.


Мулоқот чоғида иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб шарт-шароит яратиш, оммавий спортни ривожлантириш ва халқаро майдонларда мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қиладиган спортчиларни тайёрлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани таъкидланди.




Шундан сўнг Савид Иматов гандбол бўйича “Сирдарё вилояти кубоги” мусобақаси беллашувларини кузатди. Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда ёш спортчиларнинг техник маҳорати, жамоавий ўйини, интизоми ва ғалабага бўлган интилиши юқори баҳоланди.
Учрашув давомида спортчи ёшлар ҳам ўз фикр ва таклифларини билдирди. Хусусан, машғулотлар сифатини янада ошириш, мусобақалар кўламини кенгайтириш, замонавий спорт жиҳозлари билан таъминлаш ва иқтидорли спортчиларни рағбатлантиришга доир таклифлар илгари сурилди.


Энг муҳими, “Ёшлар куни” доирасида ташкил этилган мазкур очиқ мулоқот спортчи ёшлар учун амалий аҳамият касб этди. Улар ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича мутасаддилар билан бевосита мулоқот қилиб, саволларига атрофлича жавоб олишди ҳамда таклиф ва ташаббусларини эркин билдириш имконига эга бўлишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири