Профессор Лу Чанг: Сурхондарёда жозибадор сармоявий муҳитни илғаяпмиз
Сурхондарё вилоятидаги “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида илк бор “Ўзбекистон (Сурхондарё)-Хитой” инвестиция форуми бўлиб ўтмоқда. Мухбиримиз Хитой делегацияси вакилларининг дастлабки таассуротлари билан қизиқди:
Қу Жунқиу, “Yuntong International Co. Ltd” компанияси муҳандиси

– Сурхондарёга биринчи марта келишим. Бозорни ва муҳитни ўрганиш учун келдим. Маҳаллий корхоналар билан танишиб, сармоя киритиш имкониятларини кўриб чиқмоқчиман. Форумга таклиф қилинганимиздан хурсандмиз. Компаниямиз сунъий интеллектга асосланган ақлли уй, шаҳар ва замонавий техникалар ишлаб чиқариш билан шуғулланади.
Термиз бой таассурот уйғотди. Барча масъуллар ва бизни самимий кутиб олган мезбонларга чуқур миннатдорлик билдирамиз.
Лу Чанг, Шарқий Хитой педагогика университети профессори:

– Мен Ўзбекистоннинг Сурхон воҳасига илк қадам қўйишим билан шуни англадимки, Термиз тарихий маданиятга жуда бой, Афғонистонга қўшни шаҳар экан. Йўлбошловчилар бу ернинг қадимги Буюк Ипак йўли устидаги энг муҳим шаҳар эканини айтишди. Шаҳарнинг Хитойда машҳур бўлган буддавийлик маркази ҳисоблангани ҳам жуда қизиқарли. Ислом дини ҳам, буддизм ҳам ҳамиша тинчлик, осойишталикни қўллаб-қувватлайди. Биз қайси динда бўлмайлик, барчамиз ака-укадек қардош халқлармиз.
Термиз орқали Афғонистон бозорига кириш енгиллашгани тадбиркорларимизга катта имконият яратмоқда. Биз Ўрта Осиёнинг маданий алоқалари, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва икки мамлакат алоқаларини ўрганиб, тадбиркорларимиз учун маълумот тақдим этамиз. Ўзбекистонда ҳозир нафақат туризм, балки ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги тармоқларида ҳам кенг имкониятларни кўряпмиз. Сурхондарёда жозибадор сармоявий муҳитни илғаяпмиз. Меҳмондўстлик ва ўзаро ҳамкорлик учун ташаккур айтамиз.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири