Профессионал бокс: Ҳасанбой Дўсматов Истанбулда жанг ўтказади
Ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси Ҳасанбой Дўсматовнинг профессионал боксдаги навбатдаги жанги қачон ўтказилиши эълон қилинди.
Икки карра Олимпия ўйинлари ғолиби Ҳасанбой Дўсматов жорий йилнинг 4 декабрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида ташкил этиладиган “IBA President's Cup” мусобақаси финалида филиппинлик Родерик Баутиста билан жанг ўтказади.
Иккинчи ўта енгил вазн тоифасида Дўсматов-Баутиста ўртасида 10 раундга мўлжалланган мазкур қарама-қаршилик IBA.Pro чемпионлик камари учун бўлиб ўтади.
Айтиш лозимки, умумий мукофот жамғармаси 3 миллион АҚШ долларидан иборат “IBA President's Cup” мусобақаси 27 ноябрда бошланиб, 4 декабргача давом этади.
12 та вазн тоифасида ўтадиган мусобақада ҳар бир ванзда ғолибликка эришган боксчилар 100 минг, кумуш медаль соҳиблари 50 минг, бронза медаль эгалари 25 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.
Ташкилотчилар ҳаваскор боксда дунёнинг энг кучлиларидан бири саналган Дўсматовнинг “IBA President's Cup” мусобақасида иштирок этиши турнир нуфузига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидламоқда.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА