Профессионал бокс федерациясида навбатдан ташқари конференция ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
“Олимпия шаҳарчаси”даги Спорт вазирлиги биноси мажлислар залида Ўзбекистон профессионал бокс федерациясининг навбатдан ташқари конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси Ижроия қўмитаси аъзолари, федерация раҳбарияти, конференция делегатлари, соҳа мутахассислари, спорт жамоатчилиги ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Конференцияни спорт вазири А. Икромов очиб, мамлакатимизда профессионал боксни янада ривожлантириш, халқаро майдонда рақобатбардошликни ошириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири эканини таъкидлади.
Тадбир давомида федерациянинг 2025–2026 йиллардаги фаолияти юзасидан ҳисобот эшитилди. Шунингдек, федерация раҳбарияти таркибига ўзгартиришлар киритиш, жумладан, федерация раисини қайта сайлаш ҳамда Ижроия қўмитаси таркибини янгилаш масалалари муҳокама қилинди. Йиғилишда федерация раислигига Умид Ёқубов сайланди.
Таъкидланганидек, профессионал боксчиларимиздан Исроил Мадримов биринчи ўрта вазн тоифасида WBA ва WBO йўналишларида кучли бешликдан жой олган. Шунингдек, Муроджон Аҳмадалиев, Шаҳрам Ғиёсов, Баҳодир Жалолов, Лазизбек Муллажонов, Нурислом Исмоилов, Бектемир Мелиқўзиев, Ҳасанбой Дўсматов ва Отабек Холматов каби боксчилар ҳам жаҳон рейтингларида юқори поғоналарни эгаллаб келаётгани қайд этилди.
[gallery-30254]
Федерация томонидан ушбу давр мобайнида тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда мамлакатимизда 39 та йирик профессионал бокс кечаси ташкил этилгани, аёллар боксини ривожлантириш борасида ҳам изчил ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА