ПРОФ-БОКС: Абдураимов ва Жалоловдан нокаутли ғалабалар
Кеча Мексикада навбатдаги проф-бокс мусобақаси бўлиб ўтди. Ўзбекистонлик бокс ишқибозлари учун аҳамиятли жиҳати унда Элнур Абдураимов ва Баҳодир Жалоловларнинг чиқишлари эди.
Ҳар иккала боксчимиз муваффақиятли юришларини давом эттиришди.
Элнур мексикалик Абраҳам Оливага қарши рингга кўтарилди. Жанг муддатидан олдин якунланди. Ҳамюртимиз рақибини бир неча бор нокдаун ҳолатига келтирди. Охир-оқибат чап қўлидаги кучли зарба эвазига рақибини ерга қулатди. Мазкур нокаутли ғалаба юртдошимиз учун профессионал фаолиятидаги олтинчи ғалаба эди. Энг муҳими, барча олтита ғалаба ҳам нокаут билан тугаган. Унинг рақиби Олива эса фаолиятидаги бешинчи жангида илк бор мағлубиятга учради.
Баҳодир Жалолов эса еттинчи жангини ҳам муваффақият билан тугатди ва у ҳам барча жангларда фақат нокаутли ҳолатни юзага келтирмоқда. Ҳамюртимиз бу гал жангда Вилфредо Лиллни биринчи раунддаёқ нокаутга учратди.
Хабарингиз бор, Жалолов 2021 йил июль ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган Токио Олимпиадасида олтин медалга асосий даъвогарлардан бири бўлиб турибди.
Калифорниянинг Индио шаҳрида ўз машғулотларини олиб бораётган Жалолов, жаҳон чемпионатидаги муваффақиятли юришидан сўнг, Лина Люй у билан эдвайзорлик бўйича ишлаб келмоқда. Ҳозирда Жалолов ака-ука Диаслар қўл остида машғулот олиб бормоқда.