Продюсер: Томошабин кинотеатрга қайтади, лекин...
Замон янгиланишлари инсониятни нимадандир қисман воз кечишга ундайди. Одамлар ҳамма вақт ҳам ишнинг ўзига қулайини танлашга ўрганган. Физиканинг олтин қоидаси сингари ҳам вақтдан, ҳам масофадан ютгиси келади.
Бугун юзлаб фильмлар яратилаётган бир вақтда кинотеатрларда тушаётган томошабинлар сони ҳавас қиларли даражада эмас. Таниқли продюсер Зафар Йўлдошев бу тўғрисида ЎзА мухбирига қуйидаги фикрларини баён этди.
– Ҳозир одамлар кинотеатрга бориб фильм томоша қилишдан кўра ўзларининг смартфонлари ёки планшетларида онлайн-кинотеатрлардан кўриб қўя қолишади. Лекин китобни электрон шаклда ўқигандан кўра қўлда варақлаб ўқишнинг гашти бошқача бўлгани каби, фильмни ҳам кинотеатрда кўриш бошқача барибир.
Пандемия барча соҳалар сингари кинематография учун ҳам қатор ноқулайликлар туғдиргани рост. Бутун дунёда кинотеатрлар маълум муддат ёпиб қўйилди, кино ишлаш жараёнлари тўхтатилди.
Келгусида кинотеатрларнинг тақдири нима бўлади, бу борада аниқ бир фикр айтиш қийин. Лекин барибир онлайн платформалар кўпроқ харидоргир бўлиши ҳақиқатга айланиб бормоқда.
Кинотеатрларнинг ҳозирги инқирози бу вақтинчалик ҳолат, чунки вақт ўтиб инсон барибир жонли муҳитга қайтгиси келади. Маданий ҳордиқ чиқариш учун ҳам кинотеатрлар қулай маскан. Ҳам дам олиш мумкин, ҳам яхши бир фильмни томоша қилиш мумкин. Лекин барибир аввалгидай бўлмайди. Чунки тараққиёт инсон учун кўпроқ қулайлик яратмоқда. Инсон табиати эса эскиликдан кўра янгиликка мойилроқ.
Ўзимизда ҳам кинотеатрларнинг аҳволини яхшилаш билан бирга кино томоша қилиш учун кўпроқ онлайн кинотеатрларни, киноплатформаларни яратиш керак. Биз эса нари борса “You Tube” тармоғига фильмни жойлаштира оламиз, холос. Жаҳонда бундай йўл тутилмайди. Бу каби тенденцияларда ҳам замондан анча орқадамиз, афсуски.
ЎзА мухбири Д.Маматова ёзиб олди