“Procter & Gamble” Миллий олимпия қўмитасининг янги ҳамкори
Шахсий гигиена воситаларини ишлаб чиқарувчи дунёга машҳур “Procter & Gamble” (P&G) ширкати Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг ҳамкорларидан бирига айланди.
“Procter & Gamble” компаниясининг Туркия, Кавказ ва Марказий Осиё бўйича катта вице-президенти Танкут Турнаоглу ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича меморандум имзоланди.

Маросимда Танкут Турнаоглу Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси билан ҳамкорлик орқали мамлакатимизда олимпия ҳаракати тарғиботини кучайтиришга ёрдам беришдан мамнун эканини билдирди. Футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг “Париж-2024” ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма олгани билан қутлаб, компания келгусида спорт йўналишида янада катта лойиҳаларда иштирок этишни мақсад қилганини таъкидлади.

Миллий олимпия қўмитаси бош котиби О.Қосимов футбол ва хоккей жамоаларимизнинг эришган сўнгги муваффақиятлари мамлакатимизда жамоавий спорт турларининг ривожи янги босқичга чиқаётганидан далолат эканини айтиб, “Париж-2024” ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик ишлари олиб борилаётганини қўшимча қилди.
Айтиш лозим, P&G компаниясига 1837 йил АҚШда асос солинган. Ширкат 40 га яқин таниқли шахсий гигиена брендларини ўзида жамлаган. 2010 йилдан Халқаро олимпия қўмитасининг ҳамкорларидан бири ҳисобланади.
Т.Рўзиев,
ЎзА