Президент – ёшларга: бугун тарих навбатни сизларга бермоқда
Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнь – Ёшлар кунида ёшлар билан учрашув ўтказди. Мазкур учрашувда давлатимиз раҳбари ёшлар билан яқиндан мулоқот қилиб, уларни қутлуғ айём билан муборакбод этди. Шунингдек президентимиз ислоҳотлар бошланган илк кунларданоқ “илм – тарбия – инновация” занжирини яратишга киришилганини, бу ҳаракатлар бугун аниқ натижалар бераётганини қайд этди.
Масалан, ўтган йили юртимиз ёшлари топ-500 талик олийгоҳларга кириш бўйича Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади. Билимли ёшларимиз илк бор топ-5 таликдаги олийгоҳларга кириб, тарихий натижа қайд этди. Албатта мазкур ютуқлар ёшларимиз учун яратилаётган шарт-шароитлар самараси эканлиги, улар бундан унумли фойдаланиб, юксак чўққиларни забт этаётганлиги ҳеч биримизга сир эмас.
Давлатимиз раҳбари мазкур учрашувда қадриятларимиз ва маданиятимизни ўзида ифода этадиган сунъий интеллектнинг миллий моделини ишлаб чиқиш бошланганлигини эълон қилди. Бу эса бой тарихимиз ва замонавий ёндашувларни ўзида уйғунлаштириб, ёшларнинг янги креатив ғояларини шакллантиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга ёшларни актёрлик, мусиқа, китобхонликка қизиқишини орттириш учун “Турон” театри, “Иқтидор ансамбли”, “Жадидлар изидан” каби танловлар ўтказилаётганлиги, уларда 400 мингга яқин ўқувчи иштирок этганлиги ҳам алоҳида таъкидланди. Аҳамиятга молик жиҳати, энди танловларда ғолиб бўлган жамоалар чекка ҳудудлардаги мактабларга мунтазам бориб, ўз чиқишлари билан тенгдошларини маданият ва санъатга қизиқтириши белгилаб қўйилди.
Бинобарин, Ўзбекистон БМТнинг “Ёшлар – 2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган 10 та давлат қаторига кирганлиги ҳар биримиз учун ўзгача фахр ва ифтихор ҳиссини беради.
Мана шундай шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб келаётган, маънавият соҳасида фаолият юритаётган ёш олим, мутахассис сифатида давлатимиз раҳбарининг ёшларга қаратилган қуйидаги нутқи мен учун муҳим эслатма бўлди ҳамда халқ манфаати йўлида масъулият ва жавобгарлик ҳиссининг янада ортишига сабаб бўлди:
“Биринчи ва Иккинчи Ренессансни буюк аллома ва мутафаккирларимиз яратган бўлса, бугун тарих навбатни сизларга бермоқда.
Ишончим комил, сизлар барча соҳаларда мамлакатимиз байроғини баланд кўтаришга қодирсиз. Сизлар Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида янги тарих яратадиган олтин авлодсиз!”
Шундай экан, биз ёшларнинг мақсад-режаларимиз, ҳар бир ислоҳотимиз халқимиз ҳаётини яхшилашга, мамлакатимиз нуфузини жаҳон миқёсда тараннум этишга қаратилган бўлиши даркор.
Жалолиддин Юсуфов,
“Маърифат” тарғиботчилар
жамияти аъзоси.