Президент ташаббуси амалда: янги тизим ўз самарасини бермоқда
Самарқанд вилоятидаги маҳаллаларда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида “Аёллар дафтари”нинг тўртинчи босқичини шакллантириш ишлари бошланди.
Юртимизда аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламини манзилли ҳимоя қилиш мақсадида яратилган тизим – “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Меҳр дафтари”нинг йўлга қўйилиши ўзини оқлади. Истайсизми-йўқми, ҳар бир маҳаллада кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, доимий даромад манбаига эга бўлмаган хонадонлар бор. Камбағал аҳоли тоифаси ҳақида ҳам бугун яширмасдан гапириш мумкин.

Тўғри, шу пайтгача ҳам маҳалла фуқаролар йиғинлари, тегишли ташкилотлар орқали аҳолининг бу қатламларига давлат томонидан кўмак, аниқроғи нафақа берилар эди. Ҳудуддаги саховатпеша кишилар ҳам имкон қадар уларга ёрдам кўрсатарди. Аммо бу ёрдамлар ўша оилаларнинг бир ёки беш кунига яраган, кейин яна эски ҳолат давом этаверарди. Эндиликда “хонадонбай” ўрганиш, раҳбарларнинг маҳаллага тушиб ишлаши натижасида кўмакка муҳтож оилага бир ёки икки марта ёрдам бериш муаммога ечим бўлмаслиги, уларни бу вазиятдан чиқариш учун ҳеч бўлмаганда бир йил-олти ой рағбат, эътибор зарурлиги тан олинди. Шу асосида чора-тадбирлар белгиланди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “дафтар”лар айнан шу мақсадларга хизмат қилмоқда.

– “Аёллар дафтари” маҳаллалардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда шу орқали опа-сингилларимизнинг оилада, жамиятда ўз муносиб ўрнини топишига, эъзозланишига ёрдам бермоқда, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Самарқанд вилояти кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов. – Яхши биласиз, бу дафтарларни шакллантириш, хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ҳам фаол иштирок этмоқда. “Аёллар дафтари” ни биринчи, иккинчи ва учинчи босқичларида хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширдик. Биринчи ва иккинчи босқич доирасида вилоятда 81 мингдан ортиқ хотин-қизга амалий ёрдам кўрсатилган бўлса, ўтган йил учинчи босқичда ижтимоий шароити оғир, ёрдамга муҳтож 65 минг 920 нафар хотин-қизлардан 65 минг 854 нафарига амалий ёрдам берилди.

Жумладан, 28570 нафар ишсизларнинг бандлиги таъминланди. Бу мақсад учун 10,7 миллиард сўм маблағ сарфланди. Кредит олиб, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 2680 нафар бекаларга 32,8 миллиард сўм кредит ажратилди. Боқувчиси бўлмаган, эҳтиёжманд 15777 нафар хотин-қизларнинг 15760 нафарига 18,1 миллиард сўмлик амалий ёрдам кўрсатилди.
Дафтарларда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган 11622 нафар хотин-қиз қайд этилиб, шу пайтгача уларнинг 11618 нафарига 12,3 миллиард сўмлик ёрдам берилди. 657 нафар уй-жойга муҳтож хотин-қизларга ҳам белгиланган тартибда 23,5 миллиард сўм ажратилди. Учинчи босқичда қарамоғида ногирон фарзанди мавжуд 6570 нафар эҳтиёжманд хотин-қизлар рўйхатга олинган эди. Улар 7,1 миллиард сўмлик амалий ёрдамдан баҳраманд бўлди.
Таъкидлаш лозимки, “Аёллар дафтари” тизими самарадорлигини ошириш, бу жараёнда фаол иштирок этганларни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан танлов ўтказиш ҳам яхши анъанага айланди. Мазкур кўрик танловнинг вилоят босқичида “Энг яхши сектор раҳбари”, “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси”, “Энг яхши хотин-қизлар фаоли”, “Энг яхши ёшлар етакчиси”, “Энг яхши иш берувчи аёл” номнациялари ғолиблари 30 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланди. Танловнинг республика босқичида “Энг яхши маҳалла раиси” номинациясида учинчи ўринни қўлга киритган Қўшработ тумани Ўрта сой маҳалласи раиси Турсунмурод Нурматов “Спарк” автомобили билан мукофотланди.
– “Аёллар дафтари” тизимининг тўртинчи босқичини ташкил этиш бўйича вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда тегишли ташкилотлар, маҳаллий ҳокимликлар билан зарур чора-тадбирлар
белгилаб олинди, – дея сўзида давом этади С.Рафиқов. – Вилоятдаги 1126 та маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳар бирида ишчи гуруҳлар хатлов жараёнларини олиб бормоқда. Улар ишини мувофиқлаштириш бўйича туман ва шаҳар штаблари фаолияти йўлга қўйилди. Ҳозиргача уйма-уй юриш орқали 60 мингга яқин аёлларнинг муаммолари, эҳтиёжлари анкета-сўровномалари асосида хатловдан ўтказилди.
Бу йил ҳам олти йўналишда хотин-қизлар дафтарга киритилади. Яъни, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ишсизлар, тадбиркорлик қилиш истагида бўлганлар, боқувчисини йўқотган эҳтиёжмандлар, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган аёллар, нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган ҳамда қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд хотин-қизлар рўйхатга олинмоқда.
“Аёллар дафтари”га киритиладиган хотин-қизларга амалий ёрдам бериш ишларини мониторинг қилиб бориш мақсадида “Индивидуал анкеталари”ни юритиш тартиби йўлга қўйилган. Бу анкеталарда ҳар бир хотин-қиз ҳақидаги маълумотлар, унга ким, қачон ва қандай ёрдам бериши ёзилади. Дастлабки таҳлилларга кўра, бу гал вилоятдаги 818 мингга яқин 30 ёшдан юқори хотин-қизлар билан юзма-юз суҳбат ўтказилиб, анкета-сўровномалар тўлдирилади ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган тахминан 108 мингга яқин опа-сингилларимиз “Аёллар дафтарига” киритилиши кутилмоқда.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА