Президент табригидан қалбимиз фахрга тўлди
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев анъанага кўра, Янги йил байрами арафасида бир гуруҳ самарқандлик фаоллар, зиёлилар ва фахрийларга байрам табриги йўллади.
Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев ушбу табрик ва совғаларни ўз эгаларига етказиб, уларни байрам билан табриклади.
Жумладан, вилоят раҳбари манбашунос олим Комилхон Каттаев хонадонига бориб, Президентимизнинг байрам табрикларини топширди.
– Юртнинг фаоллари, фахрийларига шу юрт етакчисининг шахсан ўзи табрик ва совға-салом юбориши камдан-кам кузатиладиган ҳолат, – дейди Комилхон Каттаев. – Бу жиҳатдан биз бахти кулган халқмиз. Шавкат Мирзиёев халқпарвар, инсон қадр-қимматини улуғлайдиган самимий, оқил раҳбар. Янги йил байрами муносабати билан у кишининг менга юборган табриги ва совғаларини вилоятимиз ҳокими уйимизга келтириб топширди. Оила аъзоларимиз билан суҳбатлашиб, барчамизни байрам билан табриклади. Албатта, бу эътибордан бошимиз кўкка етди. Президентимиздан, вилоятимиз раҳбарларидан миннатдормиз. Илоҳим, 2025 йил Ватанимиз, халқимиз учун файз-баракали йил бўлсин!
Олимнинг хонадонидаги суҳбат чоғида юртимизда илм аҳлига кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик, айни пайтда самарқандлик зиёлилар олдида турган вазифалар тилга олинди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири