Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши бошланди
Давлатимиз раҳбари Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено-Бассога Ўзбекистондаги ислоҳотларни изчил қўллаб-қувватлаб келаётгани ва кенгаш фаолиятига самарали раислик қилаётгани учун миннатдорлик билдирди. Анжуманда қатнашаётган барча халқаро ташкилотлар ва хорижий компаниялар раҳбарларига самимий эҳтиромини изҳор этди.
Сўнгги йилларда кенгаш оддий маслаҳат механизмидан амалий ислоҳотлар майдонига, Янги Ўзбекистон билан жаҳон инвестиция ҳамжамияти ўртасидаги ишончли кўприкка айлангани таъкидланди.
Бугун кенгаш мустақил ассоциация мақомига эга бўлиб, том маънода кучли институт даражасига кўтарилди.
Ўтган бир йил давомида кенгаш иштирокчилари сони 54 та компаниядан 85 тага етди. Улар иқтисодиётимизнинг 23 та тармоғини қамраб олиб, ишчи гуруҳлар фаолиятида бевосита иштирок этмоқда. Бундан ташқари, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ва Халқаро молия корпорацияси кенгашнинг Ижроия қўмитаси таркибида фаолият юритмоқда.
ЎзА