Президент сайловининг ўзига хос хусусиятларини биласизми?
Гулистон туманида Ўзбекистон Республикаси «Сайлов кодекси»нинг мазмун-моҳияти ҳамда «Президент сайловининг ўзига хос хусусиятлари» мавзуларида тарғибот-ташвиқот тадбири бўлиб ўтди.
Унда Гулистон туманлараро иқтисодий суди, туман давлат солиқ инспекцияси раҳбар ва ходимлари, сиёсий партиялар, маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодга қўйиладиган талаблар хусусида сўз борди.
– 35 ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган фуқаро Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланиши мумкин, – деди Гулистон туманлараро иқтисодий суди раиси Х.Набиев. – Қасддан содир этилган жинояти учун илгари судланган, диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари бўлган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинмайди.
Сайлов кодексининг 62-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи сиёсий партиялар ваколатига киради. Ушбу сиёсий партиялар сайлов компанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой аввал Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган тақдирдагина мамлакатимиз Президентлигига номзод кўрсатиши мумкин.
Президентликка номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан амалга оширилиб, мамлакатимизда расман фаолият юритувчи ҳар бир сиёсий партиянинг юқори органи Ўзбекистон Республикаси Президентлигига битта номзод кўрсатиши мумкин. Ташвиқот тадбирида Сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Президентлигига фақат ўз партияси аъзолари орасидан ёки партиясиз кишини ҳам номзод этиб кўрсатишга ваколатли эканлиги ва Президентликка номзод кўрсатилганлиги тўғрисида баённома тузилиши таъкидланди.
Тадбир иштирокчиларига сиёсий партиянинг раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни рўйхатга олишни илтимос қилиб, Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этиши, аризага қуйидагилар: сиёсий партия юқори органининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги қарори, сиёсий партия юқори органи мажлисининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги баённомаси, унда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод тўғрисидаги барча маълумотлар батафсил кўрсатилиши, Президентликка номзоднинг ўз номзоди овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси, Президентликка кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди.
– Сиёсий партия томонидан тақдим этилган имзо варақаларида Ўзбекистон Республикаси жами сайловчилари умумий сонининг камида 1 фоизининг имзоси бўлиши шарт, – дейди Гулистон туманлараро иқтисодий судининг судья ёрдамчиси Ж.Эгамова. – Бунда сиёсий партия битта маъмурий-ҳудудий тузилмада имзолар умумий сонининг кўпи билан 8 фоизини тўплаши мумкин. Ҳужжатларни тақдим этган шахсга Марказий сайлов комиссияси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт кўрсатилган маълумотнома беради. Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни 5 кунлик муддат ичида текшириб чиқади ва уларнинг ушбу Сайлов кодекс талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради. Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олиш учун тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган номувофиқликлар ва ушбу Сайлов кодекси талабларидан четга чиқиш ҳолатлари тўғрисида тегишли сиёсий партияларнинг раҳбарларига маълум қилинади.
Сиёсий партия ҳужжатлардаги аниқланган номувофиқликлар ва хатоликларни 2 кунлик муддатда тузатишга ҳамда уларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этишга ҳақлидир. Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш учун ҳужжатларни қабул қилишни рўйхатга олиш муддати тугалланишига 7 кун қолганида якунлайди. Бундан ташқари ушбу тадбир давомида, Сайлов кодексининг 65-моддасидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш, 66-моддасидаги Ўзбекистон Республикаси Президентлигига муддатидан илгариги сайлови ўтказиш тўғрисида ҳам батафсил ахборотлар берилди.
Тадбир сўнгида иштирокчиларни қизиқтирган мавзуга оид саволларга жавоблар берилди.
А.Қаюмов, ЎзА