“Президент олимпиадаси”нинг 176 та медали ўз эгаларига топширилди
Шу кунларда пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”, Республика олимпия ва паралимпия спорт турлари маркази ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети спорт мажмуаларида “Президент олимпиадаси” мусобақалари қизғин давом этмоқда.
Ўзбек спортининг истиқболли олимпиячилар авлодини шакллантиришга қаратилган мусобақаларнинг иккинчи кунги баҳслари натижасига кўра, умумий ҳисобда 176 та медаллар жамланмаси ўз эгаларига топширилди.
Хусусан, ортда қолган енгил атлетика баҳсларида 72 та, оғир атлетика мусобақаларида 36 та, дзюдо беллашувларида 40 та, қиличбозликнинг сабля ва рапирасида 20 та, стол тенниси ўйинларида 8 та медаллар “Президент олимпиадаси” совриндорларига тантанали равишда тақдим этилди.
[gallery-32236]
Бу, янги Ўзбекистон спортининг янги чемпионларини кашф этишга қаратилган ўйинлар жараёнида 170 дан зиёд оилага ғалаба қувончи кириб борганининг амалий ифодаси бўлиш билан бирга, миллий спорт турларимиз захираси навқирон авлод вакиллари билан бойиганидан далолат, дейиш мумкин.
Бугун, 29 октябрь куни “Президент олимпиадаси” ўйинлари дастурига биноан “Олимпия шаҳарчаси” майдонларида дзюдо, волейбол, стол тенниси, чим устида хоккей, Республика олимпия ва паралимпия спорт турлари марказида оғир атлетика, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида қиличбозлик ва енгил атлетика мусобақалари ўтказилиб, дзюдо, оғир атлетика, стол тенниси, қиличбозлик ва чим устида хоккей йўналишларида ғолиб ва совриндорлар номи аниқланса, волейбол ўйинларида сўнгги саралаш учрашувлари бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, 26 та олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича ўтаётган “Президент олимпиадаси” мусобақалари 8 ноябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА