"Президент олимпиадаси" янги Ўзбекистоннинг янги чемпионларини кашф этади
Бугун, 26 октябрдан “Президент олимпиадаси” мусобақаларининг республика финал босқич мусобақаларида қатнашадиган ҳудудий спорт жамоаларининг Тошкентга келиши бошланди.
Жорий йилнинг 27 октябрь - 8 ноябрь кунлари пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”, Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети спорт мажмуаси ва майдонларида “Президент олимпиадаси” мусобақаларининг Республика финал босқичи баҳслари бўлиб ўтади.
Бу йилги “Президент олимпиадаси” спорт мусобақалари 13-14 ёшли спортчилар ўртасида 21 та олимпия ва 10-18 ёшли пара спортчилар иштирокида 5 та паралимпия спорт турлари бўйича ўтказилади.

Бугун, 26 октябрь эрта тонгда “Президент олимпиадаси” спорт мусобақаларида иштирок этадиган Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Навоий вилояти спорт делегациялари Тошкент темир йўл вокзалида тантанали кутиб олинди.
Шунингдек, бугун кун давомида Фарғона, Андижон, Наманган, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм, Самарқанд вилоят жамоалари етиб келиши кутилмоқда.

Айни кунларда ҳудудлардан келаётган спорт делегацияларини кутиб олиш, жойлаштириш, машғулотларга йўналтириш борасида Спорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган дастур асосида “Олимпия шаҳарчаси”, Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан зарур ишлар амалга оширилмоқда.

Дастурга мувофиқ, эртага 27 октябрь куни “Президент олимпиадаси” мусобақаларининг тантанали очилиш маросими ташкил этилади.
Шунингдек, “Олимпия шаҳарчаси” спорт майдонида чим устида хоккей баҳслари бошланса, Ўзбекистон давлат жисмоий тарбия ва спорт университетида қиличбозлик ва енгил атлетика, Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида оғир атлетика мусобақалари бошланади.
Эслатиб ўтамиз, ўзбек спортининг истиқболли олимпиячилар авлодини шакллантиришга қаратилган “Президент олимпиадаси” мусобақалари 8 ноябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА