Президент олимпиадаси: Шпага мусобақасида Андижон ва Қорақалпоғистон жамоалари етакчиликка эришди
Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети спорт мажмуасида Президент олимпиадасининг қиличбозлик йўналишидаги мусобақалар якунланди.
Ўзбекистон спортининг келажакдаги улкан муваффақиятларига муносиб пойдевор яратишга қаратилган Президент олимпиадаси қиличбозлик мусобақаларининг беш кунлик шиддатли баҳсларида ҳудудий босқичларда ғолибликка эришган 14 ёшгача бўлган иқтидорли спортчилар ўз маҳоратини намойиш этишди.
Кеча қиличбозликнинг шпага йўналиши бўйича ўғил болалар ва қизлар ўртасида жамоавий баҳслар бўлиб ўтди.

Мазкур йўналишда 14 та жамоа иштирок этиб, ўғил болалар орасида совринли ўринлар Андижон, Самарқанд, Фарғона ва Бухоро вилояти вакилларига насиб этди.
Шпаганинг қизлар мусобақасида 12 та жамоа куч синашган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Навоий ва Тошкент вилояти вакиллари етакчиликни қўлга киритди.

Ёш истеъдодларни кашф этиш, миллий терма жамоалар учун муносиб захирани шакллантиришга қаратилган Президент олимпиадаси мусобақалари давом этмоқда.
Т. Рўзиев, ЎзА