“Президент олимпиадаси” финал босқичига тайёргарлик масаласи муҳокама қилинди
Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида йўлга қўйилган "Президент олимпиадаси" спорт мусобақалари маҳоратли спортчиларни тайёрлаш, уларни миллий терма жамоаларга йўналтиришга қаратилгани билан аҳамиятли.
Спорт вазирлигида “Президент олимпиадаси” спорт мусобақаларининг республика финал босқичини юқори савияда ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилишда мусобақаларни ўтказиш муддатлари, спортчиларни жойлаштириш, уларнинг овқатланиши ва транспортини самарали ташкил этиш, шунингдек, беллашувларни намунали даражада ўтказиш бўйича амалга оширилаётган тайёргарлик ишлари юзасидан тақдимот намойиш этилди.

Спорт вазири Адҳам Икромов ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Тошматов иштирок этган йиғилиш давомида спорт иншоотларининг тайёргарлиги, мусобақалар жадвали ҳамда ташкилий масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Айтиш лозимки, бу йилги “Президент олимпиадаси” мусобақалари 13-14 ёшли спортчилар ўртасида 21 та олимпия ва 5 та паралимпия спорт тури бўйича 10-18 ёшли пара спортчилар ўртасида ташкил этилиши белгиланган.

Янги Ўзбекистоннинг профессионал спортдаги янги ғалабаларини таъминлашга қаратилган мазкур спорт ўйинларининг биринчи босқичи жорий йил март-апрель ойларида республикамиздаги мавжуд 208 та туман ва шаҳарларда ўтказилди. Унда 330 мингга яқин ёш спортчилар иштирок этди. Илк босқичда совринли ўринларни эгаллаган 30 минг нафардан зиёд оловқалб ёшлар май-июнь ойларида ташкил этилган 2-босқичда ўз маҳоратини намойиш этди.
Муҳокамалар жараёнида “Президент олимпиадаси”нинг республика финал босқичини юқори савияда ташкил этиш бўйича масъулларга барча тайёргарлик ишларини белгиланган муддатларда якунлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА