Президент мактаби кутубхонасига китоблар совға қилинди
Тошкент вилояти Нурафшон шаҳридаги Президент мактабида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими билан ҳамкорликда “Китоб – беминнат устоз” мавзусида маърифий учрашув бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги "Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ инсонпарварлик тамойилига асосланган “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш асосий устувор йўналишлардан бири этиб белгиланган.

Шу асосида ташкил этилган учрашувда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раҳбари, халқ шоири Маҳмуд Тоир иштирок этди.

Адабий тадбирда шоирлар ўз ижодидан шеърлар ўқиди. Ёшлар учун яратилаётган янгидан-янги имтиёз ва имкониятлар уларнинг юксак ахлоқ ва кучли билим соҳиби бўлиб етишишида муҳим омил бўлаётгани таъкидланди. Мактаб кутубхонасига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан бадиий адабиётлардан ташкил топган китоблар жамланмаси берилди.
А.Мусаев,ЎзА.