Президент кубоги ғолиблари аниқланди
Наманган вилояти Давлатобод туманида барпо қилинган “Янги Ўзбекистон боғи” амфитеатрида профессионал спортчилар ўртасида қўл жанги бўйича “Ўзбекистон Президенти кубоги” учун халқаро турнир бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 20 июндаги “Қўл жанги спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган мусобақада мамлакатимиз вакилларидан ташқари, Қозоғистон, Россия Федерацияси, Беларусь, Арманистон, Италия ва Гана давлатларидан ташриф буюрган маҳоратли чарм қўлқоп усталари ғолиблик учун рингга кўтарилди.


Мукофот фонди 48 минг АҚШ долларини ташкил этувчи мазкур халқаро турнирнинг қизлар иштирокидаги 58 килограмм вазн тоифасида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Гулшода Турғунбоева беларуслик рақибаси Мария Крючёнокга қарши жанг олиб бориб, муддатидан олдин ғалабага эришди.


Эркаклар ўртасида 73 килограмм вазнда жаҳон кубоги ғолиби, жаҳон чемпионати совриндори Асадбек Ҳикматов ва италиялик Андреа Пустерла ўртасидаги жанг иқтидорли ҳамюртимизнинг устунлиги билан якунланди. Яна бир 73 килограмм вазн тоифасида омадини синаб кўрган жаҳон чемпионати совриндори Ҳусниддин Рўзиев африкалик Аджеи Абдул Маликни ишончли тарзда мағлубиятга учратди.

Шунингдек, 88 килограмм вазнда баҳсга киришган мамлакатимиз чемпиони, қатор халқаро турнирлар ғолиби Санжар Равшанов ва арманистонлик Арен Асатрян ўртасидаги жангда очколар ҳисобида ҳамюртимиз зафар қучган бўлса, профессионал жангда 62 килограмм вазнда халқаро турнирлар ғолиби Ғиёсиддин Жамолиддинов қозоғистонлик Аман Шакиртовни енгди.

Турнирнинг 80 килограмм вазн тоифасида жаҳон ва Осиё чемпиони, ўзбекистонлик Жаҳонгир Жумаев россиялик жаҳон чемпиони Нурмуҳаммед Бесланевни беш раунд давом этган шиддатли курашда 3:2 ҳисобида енгиб, чемпионлик камарини қайта қўлга киритди.
Президент кубогининг ғолибларига ташкилотчилар томонидан диплом, қимматбаҳо совғалар ва пул мукофотлари тақдим қилинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.