Президент давлат хавфсизлик хизматининг ҳуқуқий мақоми
Қонунга шарҳ
2021 йил 6 июлда “Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилингани жамиятимизда кечаётган очиқлик сиёсати билан бевосита боғлиқ.
Ушбу соҳага оид қонун илгари мавжуд бўлмаган ва тузилма ҳақида фуқароларимизда аниқ тушунча йўқ эди. Энди янги қонун билан танишиб, Президент давлат хавфсизлик хизматининг қандай тузилма экани, қандай ишларни амалга ошириши, хизмат вақтида қандай қоидаларга риоя қилиши ҳақида билиб олиш мумкин.
Хизмат ҳақида, бу хизмат ходимларига берилган ваколат ва имтиёзлардан хабардорлик ёшларни бу соҳага қизиқтириши, шубҳасиз.
Қонун мазмуни билан таништиришда давом этамиз. Қуйида қонуннинг 3-бобидан ўрин олган мазкур хизматнинг тизими ва унинг ҳуқуқий мақомига оид меъёрлар ҳақида сўз юритамиз.
Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати тизими унинг марказий девони, хизматнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар бўйича бўлимлари ва шундай хизмат зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун ташкил этиладиган бошқа бўлинмалардан иборат.
Президент давлат хавфсизлик хизматининг ҳуқуқий мақоми қонунда ўз ифодасини топди. Мазкур хизмат қўриқланадиган шахслар ва объектлар хавфсизлигини таъминлайдиган, шунингдек, қўриқланадиган шахслар ва объектларнинг хавфсизлиги масалалари бўйича жалб қилинган Ўзбекистон Республикасининг давлат органлари ва бошқа ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштирадиган, уларнинг ҳамкорлигини ҳамда тезкор бошқарувини амалга оширадиган махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди. Айнан шу жиҳат унинг ҳуқуқий мақомини кўрсатиб турибди.
Президент давлат хавфсизлик хизматига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган раис бошчилик қилади.
Мазкур хизмат раисининг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган ўринбосарлари бўлади.
Президент давлат хавфсизлик хизмати бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва унга ҳисоб беради.
Мазкур хизмат Ўзбекистон Республикаси Президентини қўриқланадиган шахсларнинг ва объектларнинг хавфсизлиги масалалари, шунингдек, ўз фаолиятининг асосий йўналишлари юзасидан мунтазам равишда хабардор қилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қонунга оид аввалги шарҳларда Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати қўриқланадиган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириши, мазкур хизматнинг асосий вазифалари қўриқланадиган шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишдан, қўриқланадиган объектлар хавфсизлигини таъминлашдан иборатлиги ҳақида сўз юритилган.
Хизмат фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилиш, ягоналик, мустақиллик, конспирация, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш устуворлигидан иборатдир.
Хизматнинг ҳарбий хизматчилари ўз фаолиятини фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилиш асосида амалга оширади. Улар фуқаронинг шахсий ҳаётига тааллуқли бўлган, унинг шаъни, қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказадиган маълумотларни, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ошкор қилиш ҳуқуқига эга эмас.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати ўз ваколатларини ҳар қандай давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан, шунингдек, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил тарзда, фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширади.
Мазкур хизмат фаолиятига Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг ва бошқа ташкилотларининг, шунингдек, ушбу органлар ва ташкилотлар мансабдор шахсларининг аралашуви тақиқланади.
Мазкур соҳа хизматчиларининг хизмат мажбуриятларини бажаришига монелик қилиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳақорат қилиш, уларга қаршилик кўрсатиш, уларга нисбатан таҳдид ёки зўрлик қилиш, хизмат мажбуриятларини бажариши муносабати билан уларнинг ҳаётига, соғлиғига ва мол-мулкига тажовуз қилиш қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
Норгул Абдураимова, ЎзА