Прагматик мулоқот ва аниқ ташаббуслар: Евроосиё иқтисодий маконидаги янги ўсиш нуқталари
Жаҳон иқтисодиётида чуқур таркибий ўзгаришлар кечаётган, глобал муносабатлар тизими қайта шаклланаётган бугунги шароитда нуфузли халқаро анжуманлар нафақат иқтисодий ҳамкорлик истиқболларини, балки давлатларнинг тараққиёт стратегияси ва халқаро майдондаги ўрнини аниқ белгилаб олишга хизмат қиладиган муҳим мулоқот майдонига айланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нуфузли Петербург халқаро иқтисодий форуми ялпи мажлисидаги иштироки ва сўзлаган нутқи ана шу жиҳатдан улкан аҳамият касб этди. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган аниқ, прагматик ва кенг қамровли ташаббуслар Янги Ўзбекистоннинг нафақат минтақавий, балки глобал миқёсда ҳам ишончли, ташаббускор ва барқарор ҳамкор сифатидаги ролини яна бир бор ёрқин намоён этди.
Нутқнинг асосий лейтмотивини ўзаро манфаатли ҳамкорликни анъанавий савдо-сотиқ доирасидан олиб чиқиб, уни мураккаб саноат занжирлари, технологик альянслар ва қўшма инновацион лойиҳалар даражасига кўтариш ғояси ташкил этди. Бу Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг чуқурлашиб, сифат жиҳатидан янги босқичга ўтганидан далолат беради. Президентимиз томонидан илгари сурилган “Евроосиё технологик саноатлаштириш камари”ни шакллантириш ташаббуси бу борадаги стратегик ёндашувнинг яққол ифодасидир. Бу – ишлаб чиқариш ва технологик кластерларни ягона рақамли платформа орқали бирлаштириб, хом ашёдан тайёр маҳсулотгача ва уни ташқи бозорларга етказишгача бўлган тўлиқ занжирни яратишни кўзда тутади. Ушбу ғоянинг ҳар йили Тошкентда муваффақиятли ўтказиб келинаётган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро инновацион-саноат кўргазмаси негизида ривожлантирилиши таклиф этилгани унинг пухта ўйлангани ва амалий асосларга эга эканини кўрсатади.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида бугунги куннинг универсал тилига айланган рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратди. Дарҳақиқат, агар авваллари инфратузилма деганда йўллар, кўприклар ва коммуникация тармоқлари тушунилган бўлса, бугунга келиб рақамли платформалар, электрон тижорат ва инновацион сервислар тараққиётнинг бош омилига айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Россия ўртасида қўшма Рақамли экотизимни шакллантириш таклифи нафақат ўзаро савдони янада ривожлантириш, балки бизнес учун янги бозорларни очиш, фуқаролар учун эса қўшимча даромад манбаларини яратишга хизмат қиладиган муҳим қадамдир. Бу ташаббус рақамли савдо қоидаларини уйғунлаштиришдан тортиб, бандлик бўйича ягона рақамли профилларни яратишгача бўлган кенг қамровли йўналишларни ўз ичига олади.
Инсон қадрини улуғлаш ва инсон капиталини ривожлантиришни ўз ислоҳотларининг марказига қўйган Янги Ўзбекистон учун ёшлар масаласи доимо устувор аҳамиятга эга. Президентимиз нутқида аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этадиган мамлакатимизнинг улкан демографик салоҳиятини юксак интеллектуал ресурсга айлантириш вазифаси алоҳида таъкидланди. Шу мақсадда илгари сурилган Инсон капиталини ривожлантириш қўшма онлайн-платформасини яратиш ғояси ўзининг эзгу мақсадлари ва кенг кўлами билан ажралиб туради. Бу платформа таълим, касбий тайёргаарлик ва меҳнат бозорини ўзаро боғлаб, ёшларга энг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаш, ўз салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқариш учун беқиёс имкониятлар эшигини очади. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон ва Россия учун энг олий қадрият бўлган инсонга қаратилган узоқ муддатли сармоядир.
Президентимиз томонидан баён этилган барча ташаббус ва таклифлар мустаҳкам иқтисодий заминга асослангани билан янада аҳамиятлидир. Нутқда таъкидланганидек, сўнгги ўн йилда мамлакатимиз иқтисодиёти ҳажми қарийб уч баробарга ўсиб, 147 миллиард долларга етди, 150 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Бундай салмоқли натижалар Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдонда ўзига бўлган ишончи ва ислоҳотларнинг барқарорлигини намоён этади. “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида иқтисодиёт ҳажмини 240 миллиард долларга етказиш каби улкан марраларнинг белгиланиши мамлакатимизнинг тараққиёт йўлидан дадил одимлаётганини ва глобал инвесторлар учун энг жозибадор ва ишончли маконлардан бирига айланиб бораётганини тасдиқлайди.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг Петербург форумидаги нутқи Янги Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини халқаро ҳамкорлик имкониятлари билан уйғунлаштира оладиган очиқ, прагматик ва ташаббускор ташқи сиёсат юритаётганининг яна бир ёрқин тасдиғи бўлди. Илгари сурилган ҳар бир таклиф замирида аниқ ҳисоб-китоб, чуқур таҳлил ва энг асосийси, Ўзбекистон халқининг фаровонлигини таъминлашдек эзгу мақсад мужассам. Бу ташаббусларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, шубҳасиз, нафақат мамлакатимиз тараққиётига, балки бутун Евроосиё минтақасида ўзаро ишонч, барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ,
Ўзбекистон Миллий университети таянч докторанти, ЎзА