Пойтахтимизда бокс байрами ўтказилди
Бугун пойтахтимиздаги "Экопарк"да халқаро бокс куни муносабати билан флешмоб ташкил этилди.
Байрамона тарзда ўтказилган тадбирда бокс спорт тури билан шуғулланаётган юзлаб ёшларга Ватанимиз шарафини олимпиада ва жаҳон чемпионатларида муносиб ҳимоя қилган спортимиз ифтихори бўлган Муҳаммадқодир Абдуллаев, Ҳасанбой Дўсматов, Фазлиддин Ғойибназаров, Шаҳобиддин Зоировлар ўзига хос машғулот сабоғини ўтказишди.

–Тадбирни фақат ёш боксчилар учун ташкил қилгандик. Лекин кўриб турганингиздек, ён-атрофдаги маҳалла аҳли, ёшлар ҳам бокс машғулотларига қўшилиб кетишди. Натижада ушбу флешмоб Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан ажойиб бокс байрамига айланганлигидан барча хурсанд бўлди, – деди Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Муроджон Мамадалиев.

Аслида тўртта олимпия ўйинлари чемпионини бир вақтда ёшлар даврасига йиғиш қийин масала. Лекин ташкилотчилар бунинг уддасидан чиққанлиги таҳсинга сазовор иш бўлди. Муҳими, қалбида чемпионлик туйғуси жўш ураётган ёшлар хурсанд. Уларнинг шодлигини кўрган ота-оналар икки чандон қувонишди. Чемпионлар билан суратларга тушишди. Ажабмас, яқин келажакда Ўзбекистон номини халқаро спорт майдонларида улуғлаган Муҳаммадқодир, Фазлиддин, Ҳасанбой ва Шаҳобиддинларнинг усулларини такрорлаётган, уларга ўхшаб ҳатти-ҳаракатни амалга ошираётган новниҳоллар орасидан янги чемпионлар етишиб чиқса.
Тадбирда иштирок этган ёшлар, уларнинг яқинлари ушбу даврада Токио олимпиадаси ғолиби Баҳодир Жалоловнинг кўринмаётганлиги ҳақида сўрашди. Бу биз учун ҳам қизиқарли эди.
Ҳақиқатан, Жалолов қаерда? Федерация матбуот хизматининг билдиришича, Б. Жалолов айни кунларда Сербиянинг Белград шаҳрида Халқаро бокс ассоциацияси томонидан ташкиллаштирилаётган бокс байрамининг фахрий меҳмони сифатида иштирок этмоқда экан.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА