Пойтахтимиз йирик халқаро форумга мезбонлик қилмоқда
Бугун пойтахтимизда Тошкент халқаро инвестиция форуми (TXIF-2026) ўз ишини бошлади. Бу йилги форум тарихий кўрсаткичлари билан ажралиб турибди: анжуманда иштирок этаётган компания ва инвестиция институтлари бошқараётган активлар ҳажми 42 триллион долларга тенг. Бу рақам жаҳон ялпи ички маҳсулотининг қарийб 38 фоизини ташкил этади. Мутахассислар буни Марказий Осиё тарихидаги энг йирик инвестиция платформаларидан бири сифатида баҳоламоқда.
Форумда иштирок этиш учун дунёнинг 100 мамлакатидан 3 минг 423 нафар хорижий делегат Тошкентга ташриф буюрди. Жами иштирокчилар сони эса 8 минг 316 нафардан ошиб, форум тарихида мутлақ рекорд қайд этилди. Уч кун давомида Ўзбекистон пойтахти глобал капитал, халқаро бизнес ва йирик инвестиция қарорлари қабул қилинадиган марказга айланади.
TXIF-2026 майдонида жаҳон молия бозорининг энг йирик компаниялари — “BlackRock”, “JPMorgan Chase”, “Citibank”, “Visa”, “Franklin Templeton”, “Standard Chartered”, “Rothschild & Co”, “London Stock Exchange Group”, шунингдек энергетика, технология ва саноат соҳаларидаги “Meta”, “BP”, “Masdar”, “ACWA Power”, “Airbus”, “Mitsubishi Heavy Industries”, “DP World” ва бошқа ўнлаб трансмиллий корпорациялар раҳбарлари иштирок этмоқда. Уларнинг аксарияти миллиардлаб долларлик инвестиция лойиҳалари бўйича якуний қарор қабул қилувчи шахслар ҳисобланади.
Бу йилги форум «Инвестициялар барқарорлиги: янги уфқлар, янги шериклик» шиори остида ўтмоқда. Дастурдан геология, муҳим хомашё ресурслари, «яшил» энергетика, сунъий интеллект, транспорт-логистика, саноат кооперацияси ва рақамли иқтисодиётга оид стратегик муҳокамалар ўрин олган. Шунингдек, Форс кўрфази мамлакатлари, Европа ва Осиёнинг йирик суверен жамғармалари иштирокида янги инвестиция келишувлари муҳокама қилинади.
Форум жаҳон оммавий ахборот воситалари диққат марказида ҳам турибди. Уни ёритиш учун 41 мамлакатдан 209 нафар хорижий журналист аккредитациядан ўтган. “Bloomberg”, “Reuters”, “BBC News”, “Euronews”, “Nikkei”, “CGTN”, “TRT” ва бошқа халқаро медиа тузилмалар Тошкентдан тўғридан-тўғри репортажлар тайёрламоқда. Экспертлар фикрича, TXIF-2026 доирасида имзоланадиган йирик битимлар ва инвестиция келишувлари Ўзбекистон иқтисодиёти ривожига келгуси йилларда кучли туртки беради.
Мусулмон Зиё,
Фарход Абдурасулов (фото),
ЎзА