Поти портида Ўзбекистон логистика марказини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди
Цинандалида Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 11-йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишга Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Грузия Бош вазирининг ўринбосари, иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазири Мариам Квривишвили ҳамраислик қилди.
Томонлар ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш, эркин савдо режимидан унумли фойдаланиш ҳамда саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва молия соҳаларида қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Транскаспий транспорт йўналишини ривожлантириш ва Поти портида Ўзбекистон логистика марказини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур марказ орқали маҳсулотларни Европага илк бор синов тариқасида жўнатиш амалга оширилгани қайд этилди.
Шунингдек, саноат кооперацияси, авиақатновларни кенгайтириш, туризм ва ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотида.
Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини 2027 йил баҳорида Тошкент вилоятида ўтказиш режалаштирилган.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА