Полвонларга омад, ҳакамларга адолат, мухлисларга унутилмас таассурот тиланди
Термиз шаҳрида буюк аллома Ал-Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган “Мардлар майдони” шиори остида ўтказилаётган халқаро кураш турнирининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Президентимизнинг жорий йил 24 июлдаги “Буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намояндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ўтказилаётган спорт байрамига чорлов мусиқаси янгради. Майдонга очиқ турнирда қатнашаётган давлатлар полвонлари таклиф этилди.

Маросимда Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов мамлакатимизда спортни, шу жумладан, курашни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор, ёшларни соғлом ва иродали этиб тарбиялаш йўлида кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳақида атрофлича сўз юритди. Барчани буюк ватандошимиз Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган “Мардлар майдони” шиори остида ўтаётган халқаро кураш очиқ турнири билан табриклади. Полвонларга омад, ҳакамларга адолат, мухлисларга унутилмас таассурот тилади.

Термиз шаҳрида ўттиз уч йилдан буён Ҳаким Термизий хотирасига бағишлаб ўтказилган мардлар беллашуви чин маънодаги спорт байрамига айланган. Дунё курашчиларини ҳалоллик, мардлик, букилмас ирода, интизом каби фазилатлар атрофида бирлаштирган. Тинч, осуда ҳаёт ва фаровон турмушни тараннум этган. Кўплаб кураги ерга тегмаган ботир йигитларни кашф этган. Айни пайтда мамлакатимизда миллий курашни Европа, Африка ва Панамерика қитъавий ўйинлари дастурига, 2028 йилгача Олимпия ўйинлари дастурига киритиш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Алпомишлар юртида курашни дунёга танитишда Ўрол Тўраев, марҳум Эрали Маҳмарасулов, Тоштемир Муҳаммадиев, Рустам Эргашев, Абдулла Тангриев, Махтумқули Маҳмудов, Акобир Қурбонов, Баҳром Авазов, Самижон Убайдуллаев каби афсонавий полвонларнинг алоҳида хизмати бор. Уларнинг зафарли анъаналарини ёш полвонларимиз ғалабалари билан муносиб давом эттирмоқда. Масалан, шу йил ноябрда Остонада ўтказилган XV жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 9 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Япониянинг Аичи–Нагоя шаҳрида ўтказилган XX ёзги Осиё ўйинларида Шоҳруххон Бахтиёров ва Ибодатхон Агожонова олтин медалга сазовор бўлди.

Халқаро турнирда йигирмага яқин хорижий давлатдан 60 дан ортиқ полвон, мураббий, ҳакам ва расмий вакиллар иштирок этмоқда.

Тантанали маросим санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастури билан якунланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири