Полвонлар Фарғонада жам бўлишди
Фарғона шаҳридаги кўп тармоқли «Само» спорт мажмуаси кураш бўйича катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионатига мезбонлик қилмоқда.
500 нафардан зиёд полвон иштирок этаётган йилнинг дастлабки мусобақасида эркаклар 7 вазн тоифасида, аёллар эса 8 вазн тоифасида ғолиблик учун кураш олиб боришмоқда.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон кураш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, кураш қоидалари асосчиси Комил Юсупов, Фарғона вилоят ҳокимининг туризм ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Хуршид Аҳмедовлар мусобақа иштирокчиларига муваффақиятлар тилашди.

Чемпионат доирасида, шунингдек, Ўзбекистон кураш федерациясининг навбатдан ташқари конференцияси ҳам бўлиб ўтди. Унда асосий эътибор - Кураш федерацияси Низомига киритилаётган ўзгаришлар ва кураш спортини ривожлантиришга қаратилган Президент қарорининг жойлардаги ижросини таъминлаш масаласига қаратилди.
Осиё ва жаҳон чемпионатлари олдидан миллий терма жамоага номзодларни саралаб берадиган мазкур чемпионат 27 февралга қадар давом этади.
Мусобақа натижаларини таништириб борамиз.