Польша Украинага берилган қурол бўйича махфий маълумотни очиқлайди
Польша ҳукумати Киевга "Patriot" ҳаво мудофааси тизими учун ракета етказиб берилиши ортидан келиб чиққан танқидга жавобан, 2022 йилдан буён Украинага кўрсатилган ҳар қандай ҳарбий ёрдам рўйхатини махфийликдан чиқаришга қарор қилди.
Мамлакатдаги ўнг қанот мухолифат вакиллари расмий Варшавани Киевга “Patriot” ракетасини яширинча топширишда айбламоқда. Уларнинг фикрича, мазкур қадам мамлакат мудофаа қобилиятини заифлаштирган.
Ҳукумат эса айбловни мутлақо инкор этиб, Киевга ҳарбий кўмак бериш билан боғлиқ стратегик қарорлар бевосита Президент иштирокида ва унинг розилиги билан қабул қилинишини эслатиб ўтди.
Юзага келган баҳсга якун ясаш мақсадида Польша мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш 2022 йилдан буён Украинага жўнатилган қурол-яроқ ва ҳарбий техника бўйича барча маълумотни тўлиқ оммага эълон қилишга ваъда берди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА