Покистон ишбилармонлари Ўзбекистон бозорига катта қизиқиш билдирмоқда
Ўзбекистоннинг Покистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва экспортчилари уюшмаси раиси Тариқ Маҳмуд Бҳатти билан учрашув ўтказди.
Музокара чоғида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада фаоллаштириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий инновацион ечимларни жорий этиш истиқболлари атрофлича кўриб чиқилди.
Шунингдек, тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқиш учун янги экспорт каналларини шакллантириш ва юқори қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув давомида элчи Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, ғўза етиштиришдан тортиб тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш занжирини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Бу ёндашув мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва миллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 16 январдаги енгил саноатда қайта ишлаш қувватларини кенгайтиришга қаратилган фармони аҳамияти алоҳида қайд этилди. Мазкур ҳужжат маҳаллий брендларнинг халқаро бозордаги мавқеини мустаҳкамлаш билан бирга, соҳанинг хорижий сармоялар учун жозибадорлигини сезиларли даражада оширмоқда.
Ўз навбатида, Тариқ Маҳмуд Бҳатти Покистон ишбилармон доиралари Ўзбекистон бозорига катта қизиқиш билдираётганини қайд этди.
– Мамлакатнинг қулай географик жойлашуви, барқарор иқтисодий сиёсат ва ишончли инвестиция муҳити бу қизиқишнинг асосий омилларидан ҳисобланади, – деди Тариқ Маҳмуд Бҳатти. – Тўқимачилик саноати минтақа иқтисодиётининг муҳим драйверларидан бирига айланган, уюшма аъзолари Ўзбекистонда полиэстер ва сунъий толали газламалар ишлаб чиқариш бўйича янги корхоналар ташкил этиш, шунингдек, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш лойиҳаларида иштирок этишга тайёр.
Учрашув якунида Покистон делегациясининг Ўзбекистонга амалий ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга ҳам эришилди. Ташриф дастуридан тегишли давлат идоралари вакиллари билан музокаралар, тадбиркорлар ўртасида “B2B” форматида тўғридан-тўғри учрашувлар ўтказиш ҳамда мамлакатдаги йирик тўқимачилик кластерлари фаолияти билан яқиндан танишиш ўрин олиши режалаштирилмоқда.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА