Пневматик қурол тўхтатиб қолинди
“Бухоро аэропорти” чегара божхона пости орқали хорижий йўналишда ҳаракатланган фуқаро юртимиз ҳудудига пневматик қуролни олиб киришга уринган чоғида тўхтатиб қолинди.
“Шереметова – Бухоро” авиарейси орқали учиб келган фуқаро Х.Ж божхона назоратининг “яшил” йўлаги бўйлаб ҳаракатланиш чоғида божхона ходимларида шубҳа уйғотганлиги сабабли тегишли божхона назоратидан ўтказилди.
Натижада, йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда маълум қилинмаган “ПМ49” русумли пневматик спорт қуроли ҳамда мазкур қуролнинг газ балони ва 500 дона металл шарикли ўқлари борлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг “Қурол тўғрисида”ги қонунига мувофиқ қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласига белгиланган чекловлар мавжудлиги сабабли божхона органлари давлатимиз чегаралари орқали қурол-яроғларнинг ҳаракатланиши устидан ҳам бевосита назоратни амалга оширади.
Зариф Комилов, ЎзА