Пиллачиликни ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда
Пиллачилик қадимий ва кўп асрлардан буён халқимиз шуғулланиб келаётган йўналишлардан бири саналади.
Бугунги кунда соҳани ривожлантиришга, пилланинг янги, серҳосил навларини яратишга, тутзорларни кўпайтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, мазкур соҳа мутахассислари ва тажрибали пиллакорлар меҳнатини ҳам алоҳида таъкидлаш керак.

Зеро, ипак қуртини парваришлаш, уни бир ой давомида узлуксиз озиқлантириш машаққатларига бардош бериш осон иш эмас.
Ана шундай фидойи пиллакорлардан бири Кармана тумани “Шибзон” МФЙда истиқомат қилувчи Гулнора опа Жумаевадир. Опа қарийб 40 йилдирки оила аъзолари билан ипак қурти парваришлаб, давлатимизга кумуш тола етказиб беради.

– Аслида онам узоқ йиллар давомида пиллачилик билан шуғулланган. Биз эса болалигимиздан у кишига кўмаклашганмиз, – дейди Гулнора опа. – Ҳар йили пилла боқамиз. Пиллачилик билан шуғулланаётганларга маълум, ипак қурти жуда нозик бўлади. Эрта тонгда туриб, тут баргини териб келиш керак. Уларни сўлиб қолмаслиги учун салқин жойда сақлаб, белгиланган вақтда ипак қуртига бериш лозим. Ипак қурти тозалик ва озодаликни, эътиборни талаб этади. Пилла боқиладиган хонани шамоллатиб, ҳароратини доимий назорат қилиб туриш керак. Хуллас, меҳнатига чидаган одамгина ипак қурти боқади. Бу йил ҳам оиламиз билан ипак қурти боқдик. Икки-уч кун ичида ҳосилни териб оламиз. Режамиз 500 кг ҳосил олиш. Лекин ниятимиз ундан-да кўпроқ ҳосил олиш.

Албатта, юртимизда ипакчилик соҳасида ҳам ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, рақобатбардош тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва турларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 6 мартдаги “Ипакчилик соҳасини янги тизим асосида ривожлантириш ҳамда озуқа базасини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада дастуриламал вазифасини бажармоқда.
Қарорга кўра, ипакчиликни янада ривожлантириш, ипак қуртини парваришлаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, пилла етиштириш жараёнларини такомиллаштириш ҳамда ипакчилик корхоналари қувватларини ошириш ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълумотларга кўра, пилла сифатини ошириш мақсадида озуқа базасини 2026-2030 йилларда босқичма-босқич кенгайтириш режалаштирилган. Жумладан, 8 минг гектарда янги тутзорлар барпо қилиш, 41,5 минг гектар майдонда якка қатор тут кўчатларини экиш, 15 минг гектардаги тутзорларни реконструкция қилиш назарда тутилган. Бунинг натижасида 2030 йилга қадар 200 миллионта тут кўчатлари экилиши ва озуқа базаси 30 фоизга ошиши кутилмоқда.
Пилла етиштириш ҳажмлари озуқа базасини таҳлил қилиш асосида прогнозлаштирилади. Хусусан, 2026 йилда 30 минг тонна, 2030 йилга бориб, 36 минг тонна пилла етиштириш режалаштирилмоқда.
Жорий йилда Навоий вилоятида 24 минг 623 қути ипак қурти боқилиб, 1477 тонна пилла ҳосили етиштириш кўзда тутилган.
Албатта, ипак матолари ўзининг майин ва нафислиги билан ажралиб, диққатимизни ўзига тортади. Шу сабаб ипакдан тикилган маҳсулотлар доим харидоргир. Қолаверса, табиийликнинг баҳоси ҳамиша юқори бўлган. Пиллачиликни ривожлантиришга берилаётган эътибор эса ушбу қимматбаҳо хомашёни тайёрлаш ҳажмини ҳам оширмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири