Пилла ҳосили тарозига тушди
Наманган вилоятининг Норин тумани пиллакорлари мамлакатимизда биринчилардан бўлиб пилла ҳосилини йиғиштириб олишга киришди.
Наманган вилоятининг Норин тумани пиллакорлари мамлакатимизда биринчилардан бўлиб пилла ҳосилини йиғиштириб олишга киришди.Шу муносабат билан “Норин бош пиллахонаси” акциядорлик жамиятига қарашли Норинкапа пилла қабул қилиш масканида ўтказилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида аграр соҳани ислоҳ қилиш жараёнида пиллачиликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Соҳага илғор агротехник усуллар, замонавий технологиялар жорий этилиб, озуқа базаси мустаҳкамланаётгани ҳосилдорликнинг ошишига хизмат қилмоқда.
Норин туманида пиллачилик бўйича ўзига хос тажриба тўпланган. Жорий мавсумда тумандаги 208 фермер хўжалигида 5 минг 270 қути ипак қурти парваришланди. Тарқатилган қурт уруғи тўлиқ плёнка остида, замонавий агротехника асосларида парваришлангани белгиланган 282 тонна қимматбаҳо саноат хомашёсини тайёрлаш имконини берди.
– 20 қути ипак қурти парваришладик, – дейди “Рустамова Зебунисо” фермер хўжалиги раҳбари Машрабжон Явминов. – Ҳар қути уруғдан ўртача 75-80 килограмм пилла олишни режалаштиргандик. Дастлабки терим режани ортиғи билан адо этишимизни кўрсатмоқда.
“Наманганпилла” ҳудудий бирлашмасидан олинган маълумотларга кўра, кейинги йилларда такрорий ипак қурти боқишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда. Масалан, 2015 йилда такрорий пиллачиликда 50 тоннадан зиёд қимматбаҳо хомашё қайта ишлаш корхоналарига етказиб берилди.
Жорий йилда вилоятда 2 минг 790 тонна пилла етиштириш режалаштирилган. 3 минг 223 фермер хўжалиги билан шартнома тузилиб, уларга 48 минг қути, жумладан, 20 минг қути хорижий ипак қурти уруғи тарқатилди. Ипак қурти озуқа базасини мустаҳкамлаш, яъни бир ярим миллион туп тут кўчати экиш, 110 гектар майдонда янги тутзорлар барпо этиш бўйича изчил ишлар амалга оширилди.
Вилоятда етиштирилган “кумуш тола” ҳосилини йиғиштириб олиш қизғин давом этмоқда.