PIC/S аъзолиги: маҳаллий фармацевтика саноати учун янги имкониятлар
Ўзбекистоннинг PIC/S ташкилотига аъзолиги маҳаллий фармацевтика ишлаб чиқувчилари учун кенг имкониятлар эшигини очувчи ва халқаро майдонда рақобатбардошликни кескин оширувчи муҳим стратегик қадам ҳисобланади.
Фармацевтик инспекция бўйича ҳамкорлик схемаси (Pharmaceutical Inspection Co-operation Scheme - PIC/S) бу регулятор органлар ўртасидаги норасмий, аммо глобал миқёсда катта таъсир кучига эга келишув бўлиб, у Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP) стандартларини ўзаро уйғунлаштириш ҳамда инспекторатлар салоҳиятини янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Мамлакатимизнинг мазкур нуфузли ташкилотга аъзолик йўлидаги «Applicant» (аризачи) мақомини олгани миллий назорат тизимини халқаро талаблар билан уйғунлаштириш ва янги босқичга олиб чиқиш жараёни расман бошланганини англатади. Мазкур мақом Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Зарур амалиётлар маркази ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази томонидан тақдим этилган қўшма ариза асосида берилди.
PIC/S аъзоси бўлган Миллий регулятор орган томонидан берилган сертификатларнинг хорижда тан олиниши эса маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга кўплаб тўғридан-тўғри ва билвосита манфаатларни тақдим этади.

Жумладан, маҳсулотларни экспорт қилишда қўшимча хорижий текширувларсиз тўғридан-тўғри ташқи бозорларга чиқиш имконияти кенгаяди, инспекцияларни такроран ўтказиш ҳолатлари қисқаради, бу эса ишлаб чиқариш вақти ҳамда ортиқча харажатларни сезиларли даражада камайтиради.
Шу билан бирга, сертификация жараёнлари соддалашиб, соҳадаги маъмурий юклама пасаяди ва тармоқнинг халқаро миқёсдаги репутацияси янада мустаҳкамланади.
Бугунги кунда Сингапур (HSA), Малайзия (NPRA), Австралия (TGA), Янги Зеландия (Medsafe) ва Швейцария (Swissmedic) каби қатор етакчи хорижий давлатларнинг регулятор органлари PIC/S аъзолари томонидан берилган GMP сертификатларни тўлиқ тан олади ва такроран фармацевтик инспекция ўтказмайди. PIC/S ташкилотининг ўзи бевосита GMP сертификатларини тақдим этмаса-да, унинг аъзолари томонидан амалга ошириладиган қатъий ва шаффоф назорат тизими халқаро миқёсда улкан ишонч қозонган.
Умуман олганда, Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли тузилмага аъзо бўлиш сари ташлаётган қадамлари маҳаллий фармацевтика саноатини жаҳон стандартларига тўлиқ мослаштириш, ишлаб чиқарилаётган дори воситаларининг юқори сифати ва хавфсизлигини таъминлаш орқали экспорт географиясини кескин кенгайтириш ҳамда мамлакатимизнинг глобал фармацевтика ҳамжамиятидаги ўрнини муносиб даражада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА