Пенсия тизимида миллий амалиёт ва халқаро тажриба
Самарқанд шаҳрида “Келажак пенсия тизимлари: демографик ўзгаришлар ва рақамли трансформация шароитида барқарорликни таъминлашнинг янги ёндашувлари” мавзусидаги халқаро конференция ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирлиги, пенсия ва ижтимоий жамғармалар халқаро ассоциацияси ҳамда халқаро ижтимоий таъминот ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғиз, Тожикистон, Туркманистон ва бошқа давлатларнинг пенсия таъминоти бўйича нуфузли экспертлари иштирок этди.
Конференциянинг очилишида Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирлиги, вазирлик ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси масъуллари ҳамда пенсия ва ижтимоий жамғармалар халқаро ассоциацияси раиси анжуманнинг аҳамияти ва унда муҳокама этиладиган масалалар, тизим олдида турган вазифалар ҳақида сўз юритдилар.
Шундан сўнг анжуман шўъба мажлисларида давом этди. Жумладан, “Ижтимоий таъминот — ўрта ва узоқ муддатли режалаштиришда ижтимоий тизимларни бошқариш воситаси” мавзусидаги сессияда ижтимоий таъминотнинг жамиятдаги демографик ва ижтимоий жараёнларга таъсири, ўрта ва узоқ муддатли режалаштиришнинг замонавий усуллари муҳокама қилинди. Хусусан, демографик прогнозларни ишлаб чиқиш, ижтимоий таъминот соҳасида қабул қилинаётган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш ҳамда ахборот технологияларидан фойдаланиш имкониятларига эътибор қаратилди.
“Пенсия тизимларининг узоқ муддатли барқарорлиги: минтақавий ва халқаро муаммолар” мавзусидаги сессияда эса пенсия тизимларининг молиявий ва институционал барқарорлигига таъсир этувчи асосий омиллар кўриб чиқилди. Муҳокама давомида асосий маърузачи ва иштирокчилар келгуси 5–10 йилда меҳнат бозорида кутилаётган ўзгаришлар, ижтимоий таъминот тизимларининг янги иқтисодий ва демографик шароитларга тайёрлиги, пенсия тизимлари самарадорлигини баҳолаш мезонлари, сунъий интеллект ва рақамлаштириш технологияларини ижтимоий таъминот соҳасига жорий этиш истиқболлари, рақамли технологияларни қўллаш ҳақида сўз юритдилар.
– Конференциянинг муҳим йўналишларидан бири пенсия ва ижтимоий таъминот тизимларида рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш масалалари бўлди, – дейди Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бош мутахассиси Шаҳбоз Фахриев. – Муҳокамаларда замонавий ахборот технологияларини демографик прогнозлаш, ижтимоий жараёнларни таҳлил қилиш ва пенсия тизимларини бошқаришда қўллаш истиқболлари, шунингдек, рақамли ечимларни жорий этиш билан боғлиқ имкониятлар, чекловлар ва хавфлар кўриб чиқилди. Бу борада хорижлик ҳамкасбларимиз билан ўзаро фикр ва тажриба алмашдик.
[gallery-32208]
Халқаро конференция доирасида пенсия таъминоти соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган муҳим ҳужжатлар имзоланди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ҳамда Озарбайжон республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ҳузуридаги давлат ижтимоий ҳимоя жамғармаси ўртасида ҳамкорлик бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, мамлакатимиз пенсия жамғармаси ҳамда Қозоғистон Республикасининг “Ягона жамғариб бориладиган пенсия жамғармаси” акциядорлик жамияти ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
– Халқаро пенсия ва ижтимоий жамғармалар ассоциациясининг бу каби анжуманлари ўзаро тажриба алмашиш учун жуда қулай имконият, – дейди Қозоғистон Республикасининг “Ягона жамғариб бориладиган пенсия жамғармаси” акциядорлик жамияти масъули Жанат Курманов. – Шу жиҳатдан Самарқандда ўтаётган конференция келажак пенсия тизимлари, соҳани рақамлаштириш ва сунъий интеллектдан фойдаланиш масалаларига бағишлангани билан аҳамиятли бўлди. Биз пенсия таъминоти бўйича Ўзбекистон билан фаол ҳамкорликда ишлаймиз, бир-биримизнинг тажрибаларимизни ўрганамиз, юзага келаётган масалаларга биргаликда ечим излаймиз. Бугунги кунда Ўзбекистонда пенсия тизимини трансформация қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганига гувоҳмиз. Анжуман давомида бу борада олти муҳим йўналишда иш олиб борилаётгани ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдик. Ўйлайманки, бу ислоҳотлар нафақат Ўзбекистон, балки минтақа давлатлари пенсия тизимини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.
Конференция қатнашчиларининг фикрича, мазкур анжуман пенсия тизимларини фақат бугунги эҳтиёжлар асосида эмас, балки келгуси демографик, иқтисодий ва технологик ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда ривожлантириш зарурлигини яна бир бор намоён этди.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари