Пенсия таъминоти тизимида қандай ўзгаришлар бўлади? – Мутахассис жавоб берди
Мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини таъминлаш, фуқароларнинг кексалик даврида муносиб ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда пенсия таъминоти тизимининг узоқ муддатли молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида соҳада қатор ислоҳотларни амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳасида пенсия тайинлаш ва ҳисоблаш механизмларини такомиллаштириш, фуқароларнинг меҳнат фаолияти ва тўлаган ижтимоий солиқларини пенсия миқдорида адолатлироқ акс эттириш, жамғариб бориладиган пенсия тизимини ривожлантириш ҳамда соҳада рақамли хизматларни кенгайтириш бўйича муҳим таклифлар илгари сурилган.
Ушбу ўзгаришларнинг мақсади, пенсия ҳисоблаш тартиби, иш стажига қўйиладиган талаблар, пенсия ёшини босқичма-босқич ўзгартириш ва жамғариб бориладиган пенсия тизими бўйича таклифлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Пенсия таъминоти тизимини истиқболли ривожлантириш ва ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи Сардор Файзуллаев билан суҳбатлашдик.
Аввало, пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш зарурати қайси омиллар билан изоҳланади? Бугунги кунда тизим олдида турган асосий вазифалар ва мавжуд муаммолар нималардан иборат?
– Бугунги кунда пенсия тизими олдидаги асосий вазифалардан бири аҳолининг кексалик даврида муносиб ижтимоий ҳимоясини таъминлаш билан бирга, тизимнинг узоқ муддатли молиявий барқарорлигини сақлашдан иборат.
Иқтисодий фаол аҳоли 15,7 миллион нафарни ташкил этади. Уларнинг 8,6 миллиони расмий меҳнат қилса, 4,9 миллиони норасмий секторда фаолият юритади, 1,4 миллион киши эса хорижда ишлаяпти. Натижада иқтисодий фаол аҳолининг қарийб 55 фоизи расмий меҳнат асносида ижтимоий солиқ тўлаш тизими билан қамраб олинган.
Молиявий кўрсаткичлар ҳам тизимдаги мавжуд ҳолатни кўрсатади. 2025 йилда Пенсия жамғармаси даромадлари 56,1 триллион сўмни, харажатлари эса 77,2 триллион сўмни ташкил этган. Ўртадаги 21,1 триллион сўмлик тафовут давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланган. Агар амалдаги тенденциялар сақланса, 2040 йилга бориб бюджетдан Пенсия жамғармасига ажратиладиган маблағларга эҳтиёж 91 триллион сўмга етиши мумкин.
Бундан ташқари, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги ҳам ошмоқда. 1993 йилда бу кўрсаткич 67,9 ёш бўлган бўлса, 2025 йилда 75,4 ёшга етган. Аёлларда бу кўрсаткич 77,3 ёш, эркакларда эса 72,9 ёшни ташкил этган.
Меҳнат фаолиятини давом эттираётган пенсионерлар сони ҳам 2018 йилдаги 180 минг нафардан бугунги кунда 480 минг нафарга етган.
Шу сабабли, тизимни босқичма-босқич такомиллаштириш, пенсия миқдорида фуқаронинг меҳнат фаолияти ва тўлаган ижтимоий солиқларини янада адолатли акс эттириш муҳим вазифа сифатида белгиланмоқда.
Пенсия ҳисоблаш тартиби бўйича амалда қандай қоида мавжуд ва фармон лойиҳасида бу борада қандай ўзгаришлар таклиф этилмоқда?
– Амалда пенсия ҳисоблашда белгиланган тартиб асосида фуқаронинг иш ҳақи ва меҳнат стажи инобатга олинади. Фармон лойиҳасида эса фуқаронинг узоқ йиллик меҳнат фаолиятини пенсия миқдорида янада кенгроқ акс эттириш таклиф қилинмоқда.
Жумладан, 2027 йил 1 январдан бошлаб пенсия ҳисоблаш учун иш ҳақи олинадиган даврни босқичма-босқич узайтириш назарда тутилган. Бунда 5 йиллик давр ҳар йили бир йилдан қўшиб бориш натижасида 20 йилгача оширилади. Энг кам иш ҳақи олинган даврнинг 10 фоизи ҳисоб-китобдан чиқариб ташланади.
Шунингдек, ёшга доир пенсия тайинлаш учун талаб этиладиган энг кам иш стажини ҳам ошириш таклиф қилиняпти. Ҳозирги 7 йиллик талаб ҳар йили бир йилдан кўпайтирилиб, 2034 йилга бориб 15 йилга етказилади. Масалан, 2027 йилда 8 йил, 2028 йилда 9 йил, 2030 йилда 11 йиллик иш стажи талаб этилади.
Белгиланган энг кам стажга эга бўлмаган фуқаролар учун амалдаги қонунчиликда назарда тутилган ёшга доир нафақа олиш ҳуқуқи сақлаб қолинади.
Бундан ташқари, пенсияга чиқишни ихтиёрий равишда кечиктирган фуқароларни рағбатлантириш таклиф этилади. 2028 йил 1 апрелдан бошлаб биринчи пенсияни ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақининг юқори чегараси базавий ҳисоблаш миқдорининг 12 бараваридан 13 бараварига оширилади. Агар фуқаро пенсияга чиқишни 6 ойга кечиктирса, ушбу чегара 14 баравар, 12 ойга кечиктирса, 15 баравар этиб белгиланиши кўзда тутилган.
Жамғариб бориладиган пенсия тизимини ривожлантириш бўйича мазкур ҳужжат лойиҳасида қандай механизмлар назарда тутилмоқда?
– Фармон лойиҳасида фуқароларнинг келгусидаги пенсия таъминоти учун шахсий маблағ жамғариш имкониятларини кенгайтириш мўлжалланган.
Хусусан, 2027 йилдан бошлаб ойлик иш ҳақи 7,6 миллион сўмгача бўлган фуқаролар ўз хоҳишига кўра иш ҳақининг 5 фоизини шахсий пенсия ҳисобварағига йўналтириши мумкин бўлади. Бунда давлат томонидан ҳам ушбу маблағнинг 50 фоизигача бўлган қисми табақалаштирилган тартибда қўшиб берилиши таклиф этиляпти.
Ойлик даромади 7,6 миллион сўмдан юқори бўлган фуқаролар учун белгиланган чегарадан ортиқ даромаднинг 1 фоизини ижтимоий солиқ ҳисобидан шахсий пенсия ҳисобварағига йўналтириш механизми таклиф этилмоқда. Бу кўрсаткич 2033 йилдан 2 фоизга, 2040 йилдан эса 3 фоизга етказилади.
Жамғарилган маблағлар ҳамда уларни инвестиция қилишдан олинган даромад фуқаронинг шахсий мулки ҳисобланади ва мерос қилиб қолдирилиши мумкин.
Шу билан бирга, 2027 йил якунига қадар хусусий ва корпоратив пенсия фондлари фаолиятини тартибга солувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф этиляпти.
Пенсия ёшини ўзгартириш бўйича таклифлар қай тартибда амалга оширилиши режалаштирилган? Бунда амалдаги пенсия ёшидаги фуқаролар, пенсияга яқин қолган шахслар ва келгусида пенсияга чиқадиган фуқаролар учун қандай ҳуқуқий ва ижтимоий кафолатлар сақланади?
– Фармон лойиҳасида пенсия ёшини кескин эмас, балки босқичма-босқич ўзгартириш таклиф қилинмоқда. Жумладан, 2028 йил 1 январдан бошлаб умумий пенсия ёши ҳар йили 3 ойдан ошириб борилади. Натижада 2039 йилга келиб эркаклар учун пенсия ёши 63 ёшга, аёллар учун 58 ёшга етказилади. Яъни, пенсия ёши бирданига 3 йилга оширилмайди. Ўзгаришлар бир неча йил давомида босқичма-босқич амалга оширилади.
Шу билан бирга, меҳнат бозорида фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган кафолатлар ҳам назарда тутилмоқда. Хусусан, иш берувчиларга ходимни пенсияга чиқиш арафасидаги ёши туфайли ишдан бўшатиш ёки ишга қабул қилмасликка йўл қўйилмайди.
Ишсиз деб эътироф этилган фуқаролар учун умумий пенсия ёшига икки йил қолганда пенсияга эрта чиқиш ҳуқуқи сақлаб қолинади. Оғир, зарарли ва ерости ишларида меҳнат қилганлар учун имтиёзли пенсия тайинлаш тартиби ҳам сақланади.
Пенсионерлар учун амалдаги солиқ, транспорт ва тиббий хизматлар бўйича имтиёзлар ҳам ўзгаришсиз қолади. Жамғариб бориладиган пенсия маблағларини олиш ёши эса эркаклар учун 60 ёш, аёллар учун 55 ёш этиб белгиланиши таклиф қилинмоқда.
Пенсия тизимини демографик ўзгаришларга мослаштириш бўйича таклифлар хорижий тажриба ва халқаро ташкилотлар тавсиялари билан ҳам боғлиқми?
– Ҳа, пенсия тизимини такомиллаштиришда халқаро тажриба ва тавсиялар ҳам инобатга олинган. Жаҳон банкининг 2022 йилги ҳамда Халқаро валюта жамғармасининг 2022, 2024 ва 2025 йиллардаги ҳисоботларида Ўзбекистонда пенсия ёшини ҳамда пенсия олиш учун талаб этиладиган иш стажини босқичма-босқич ошириш бўйича тавсиялар берилган.
Шу нуқтаи назардан, фармон лойиҳасида пенсия ёшини кескин эмас, балки демографик ўзгаришларга мос равишда босқичма-босқич ошириш таклиф этилмоқда. Хусусан, 2028 йил 1 январдан бошлаб пенсия ёшини ҳар йили 3 ойдан ошириб бориш ва 2039 йилга келиб эркаклар учун 63 ёш, аёллар учун 58 ёш этиб белгилаш назарда тутилмоқда.
Бунда пенсия ёшининг бирданига 3 йилга оширилиши кўзда тутилмаган. Шунингдек, пенсияолди ёшидаги фуқароларни ҳимоя қилиш бўйича қатор кафолатлар сақланади. Жумладан, фуқарони пенсияолди ёши сабабли ишдан бўшатиш ёки ишга қабул қилмасликка йўл қўйилмайди, ишсиз деб эътироф этилган фуқароларнинг умумий пенсия ёшига икки йил қолганда муддатидан олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқи сақланади.
Оғир, зарарли ва ерости ишларида меҳнат қилган фуқароларнинг имтиёзли пенсия ҳуқуқи, шунингдек, пенсионерларга бериладиган солиқ, транспорт ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги имтиёзлар ҳам сақлаб қолинади. Бундан ташқари, умумий пенсия ёши босқичма-босқич оширилса ҳам, жамғариб бориладиган пенсия маблағларини эркаклар 60 ёшдан, аёллар 55 ёшдан олиш ҳуқуқини сақлаб қолиш таклиф этилмоқда.
Таклиф этилаётган ислоҳотлар амалда пенсия олаётган фуқароларга ҳам тааллуқлими? Шунингдек, пенсия тизимида рақамлаштириш бўйича қандай ўзгаришлар кутилмоқда?
– Фармон лойиҳасидаги ўзгаришларнинг асосий қисми босқичма-босқич жорий этилади ва асосан келгусида пенсияга чиқадиган фуқароларга тааллуқли бўлади. Амалда пенсия олаётган фуқароларнинг пенсия миқдорига ушбу таклифлар таъсир қилмайди.
Тизимда аҳолига кўрсатиладиган хизматларни янада қулайлаштириш ва рақамлаштириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Ҳозир “Пенсия” ахборот тизими бошқа вазирлик ва идоралардан 77 турдаги маълумотни электрон шаклда олади.
Пенсия жамғармаси томонидан 25 турдаги хизмат ва функция амалга оширилаётган бўлиб, уларнинг 18 таси электрон ва проактив шаклда кўрсатилади. Жумладан, 5 та проактив, 7 та интерактив ва 6 та комплекс хизмат мавжуд.
2025 йилда қарийб 3,8 миллионта хизмат электрон ва проактив шаклда кўрсатилган. Шундан 778 мингтаси проактив, 779 мингтаси интерактив, 2,3 миллионтаси комплекс хизматларни ташкил этган.
2027 йилдан эса сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда барча хизматларни электрон ва проактив шаклга ўтказиш таклиф қилинмоқда. Бунинг натижасида фуқароларга хизмат кўрсатиш жараёнини янада соддалаштириш ва қулайлаштириш мақсад қилинган.
Умуман олганда, таклиф этилаётган ўзгаришларнинг асосий мақсади фуқароларни кексалик даврида муносиб ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг умри давомидаги меҳнат фаолиятини пенсия тайинлашда адолатлироқ ҳисобга олиш, жамғариб бориладиган пенсия тизимини ривожлантириш ҳамда пенсия тизимининг узоқ муддатли молиявий барқарорлигини таъминлашдан иборат.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева суҳбатлашди.