Пеноблокдан харидоргир маҳсулотлар
Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар жараёнида жаҳон бозорида харидоргир ва импорт ўрнини босадиган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, соҳада фаолият юритаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 22 ноябрдаги Хоразм вилояти саноати салоҳиятини ривожлантириш тўғрисидаги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар самарасида вилоятнинг техник ва технологик қайта жиҳозланган корхоналарида харидоргир ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ортиб, кўплаб янги иш ўринлари яратилмоқда. Урганч шаҳридаги “Xorazm dеcor art” масъулияти чекланган жамияти ана шундай корхоналар сирасига киради.
Ёш тадбиркор Камола Гриш раҳбарлик қилаётган ушбу кичик корхона пеноблокдан ойига икки юздан ортиқ дизайндаги 9 минг квадрат метрга тенг декоратив қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга.
– Бундай қурилиш ашёсини ишлаб чиқарадиган корхоналар мамлакатимизда жуда кам, вилоятимизда эса биз биринчи бўлдик, – дейди К.Гриш. – Шу пайтга қадар декоратив пеноблок маҳсулотлари хориждан келтирилар эди. Маҳсулотимиз асосан қурилиш иншоотларини декоратив безашда ишлатилади. Унинг афзаллиги бетон, гипс ва бошқа қоришмалардан тайёрланадиган ишланмаларга қараганда анча енгил ва яроқлилик муддатининг узоқлигида. Хона ҳароратини бир меъёрда сақлайди. Деворнинг товуш ўтказмаслик хусусиятини янада оширади. Иморатнинг ташқи томонидан қўлланилганда қуёш нури, ёмғир, қор каби табиий коррозияларга таъсирчанлиги жуда паст.
Бу ерда тайёрланаётган декоратив профиль, устун ва бурчак устунлари харидорларга жуда манзур бўлмоқда.
– “Умид ниҳоллари – 2015” спорт мусобақаларининг очилиш ва ёпилиш маросимлари ўтказиладиган Урганч шаҳридаги “Олимпия” стадиони, Ёшлик кўчасида жойлашган спорт иншоотларининг ташқи ва ички қисмларини безатишда ушбу корхона маҳсулотларидан кенг фойдаланмоқдамиз, – дейди “Ural Les Prom” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Олимбой Рўзматов. – Корхона дизайнери томонидан яратилган турли андозалар объектларни миллий ва замонавий услубда безатишда қўл келмоқда.
Корхона раҳбари Камола Гриш яқинда бўлиб ўтган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг ҳудудий босқичида “Энг ёш тадбиркор” номинацияси ғолиби бўлди.
Айни пайтда ёш тадбиркор банк кредити эвазига янги дастгоҳлар харид қилиб, маҳсулот турини кўпайтириш ва янги иш ўринлари яратишни режалаштирмоқда.