Пекин-2022 да Камила Валиеванинг мўъжизаси
Хабар берганимиздек, Хитой пойтахтида давом этаётган қишки Олимпия ўйинларининг иккинчи куни ортда қолди.
Бугун 6 февраль куни XXIV қишки Олимпия ўйинларида 7 та спорт йўналишида медаллар жамланмаси учун муросасиз баҳслар якунига етди.
Кун давомида 4 та спорт турида ўйинларнинг саралаш баҳслари ташкил этилди. Айниқса, бугунги баҳсларда фигурали учишдаги саралаш мусобақасида россиялик 15 ёшли Камила Валиеванинг бир қатор жаҳон рекордларини қайд этгани аҳамиятли бўлди.
Татаристон пойтахти Қозонда туғилиб ўсган Валиеванинг Пекиндаги чиқишлари дунёнинг бир қатор телеканаллари томонидан тўғридан тўғри намойиш этилиб, уни Европанинг “янги юлдузи”, “яшил қитъадан етишиб чиққан жаҳоннинг биринчи рақамли фигурали учувчиси”, дея тариф беришди.

Яна бир жиҳати, Валиеванинг Пекин муз майдонларидаги ажиб рақсидаги ўзига хос кўринишларида туркий дунёга, қолаверса, маданий меросимизга хос жиҳатларнинг намойиш этилгани юртимиз ёшлари орасидан ҳам қишки олимпия ўйинларида мўъжиза кўрсата оладиган спортчилар етишиб чиқишига ишонч ҳиссини ўйғотди.
Ортда қолган мусобақалар сарҳисобига кўра, Норвегия вакиллари кечаги 2 та олтин медалига 1 та бронза медалини қўшган ҳолда пешқадамликни давом эттрмоқда. Улардан кейинги ўринни бугун ўз “сандиғи”га яна битта олтин медални қўшиб қўйган Швеция спортчилари кўтарилиб олишди.
Пекин-2022нинг умумий совринлар жамланмасида 5 та (1 та олтин, 2 тадан кумуш ва бронза) медаллар йиғиндисига эга бўлган Россия олимпия қўмитаси вакиллари етакчилик қилаётган бўлса, улардан кейинги пағоналарда Норвегия, Австрия ва Италия(барчасида 3 тадан) оқ олимпиячилари қайд этилган.
Икки кунлик натижаларга кўра, 91 та мамлакатдан 18 та давлат олимпия ўйинларининг 36 та медаллар жамланмасига эга бўлиб туришибди. Олдинда эса Пекин-2022нинг яна 93 та олтин-кумуш-бронзалари ўз соҳибларини кутиб турибди.
XXIV қишки Олимпия ўйинларининг 7 февраль кунги дастурига биноан 7 та йўналишда медаллар учун курашлар бўлиб ўтса, 3 та йўналишда, яъни кёрлинг, чанғи спорти ва хоккей бўйича саралаш мусобақалари давом этади.
Эслатиб ўтамиз, Хитойда давом этаётган қишки олимпия ўйинларида иштироки кутилаётган ҳамюртимиз Комилжон Тўхтаев айни пайтда Янцинда 13 ва 16 февраль кунлари ўтадиган тоғ чанғиси мусобақаларига қизғин тайёргарлик кўрмоқда.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА