Пекин-2022: 13 рақамининг ҳосияти ойдинлашдими?
Бахтли ва бахтсиз онларини сонлар билан белгилайдиганлар 13-рақамига наодатий тарзда эътибор билан қарашади. Аслида ҳам шундайми?
Хитой пойтахти Пекинда давом этаётган XXIV қишки Олимпия ўйинларида совринли ўринлар учун курашнинг ўн учинчи куни шиддатли курашларга бойлиги билан ажралиб турган ҳолда негадир 13 сонининг омадли ва омадсизлигини англатгандек бўлди, гўё.

Кун давомида 6 та йўналишда ўйинларнинг ғолиб ва совриндорлари бўлган спортчилар учун бу сана бахтли рақам номини олган бўлса, омадсизлик йўлига равона бўлганларга 13 рақами ўша-ўша “қора кун”лигича қолди.
Аммо, дастурга биноан аёллар ўртасидаги фристайл баҳсида Швеция вакиласи Сандра Неслунд, конькида югуришда япониялик Михо Такаги, аёллар жамоалари ўртасида Канада терма жамоасининг олтин медалга эга чиққанлиги бир тараф бўлди-ю, фигурали учиш мусобақалари тарозининг иккинчи палласида 13 сонига салбий бўёқ чаплаш жиҳатдан тош босди, дейиш мумкин.

Шов-шувлар ортда қолди. Кутилмаганда “муз рақси”нинг кашфиёти, дея эътироф этилган 15 ёшли Камила Валиева фигурали учишнинг эркин дастури жараёнида бир қатор хатоликлари, ҳаракати давомида майдондаги йиқилишлари ҳисобига Олимпия ўйинларини 4-ўрин билан якунлади.
Олимпия ўйинларининг мазкур йўналишида биринчи ва иккинчи ўринни россиялик Анна Шербакова ва Александра Трусова эгаллади. Бронза медали эса япониялик Каори Сакомотога насиб этди.
Қишки олимпиаданинг умумжамоасида эса ҳали-ҳамон Норвегия, Германия, АҚШ етакчилик қилмоқда. 17 февраль кунги мусобақалардаги омадли иштироки натижасида Швеция вакиллари 4-ўринга кўтарилиб олган бўлса, Хитой ҳозирча 5-ўрин билан кифояланиб турибди.
Олимпия ўйинларининг 18 февраль дастурига кўра, 4 та йўналишда Пекин-2022 медаллари, учта спорт турида ярим финал мусобақалари ўтказилади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА