Педагогика олий таълим муассасаларининг 73 нафар профессор-ўқитувчиси хорижий давлатларга малака оширишга юборилди
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, “Касбий ривожланиш куни ва соати” тадбирларида 11 та йўналишда 72 соатлик дастур асосида 443 минг 707 нафар мактаб ўқитувчисининг малакаси оширилди.
2 минг 228 нафар раҳбар, жумладан, 960 нафар боғча директори ва 1 минг 268 нафар мактаб директори менежерлик курсларида ўқитилди. Шунингдек, 1 минг 768 нафар номзод, жумладан, 1 минг 86 нафар мактаб директорлигига номзод ва 682 нафар боғча директорлигига номзод ўқитилди.
Таълим муассасаларининг 153 нафар ходими, жумладан, мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларининг 80 нафар педагог ходими ҳамда педагогика олий таълим муассасаларининг 73 нафар профессор-ўқитувчиси хорижий давлатларга малака оширишга юборилди. “Янги Ўзбекистон” университетида “Massachusets texnologiya” институти дастури асосида республика бўйлаб 1 минг 400 нафар информатика ўқитувчиси учун сунъий интеллект бўйича малака ошириш курслари ташкил этилди.
Кейинги босқичда 48 минг 902 нафар раҳбар ва педагог ходимнинг малакасини ошириш, “Касбий ривожланиш куни ва соати” ҳамда “Методик маҳорат куни ва соати” тадбирлари ўқув дастурларини такомиллаштириш, 2 минг 80 нафар раҳбарни менежерлик курсларида ўқитиш белгиланган.
Энг яхши 100 нафар информатика фани ўқитувчисини дунёнинг етакчи университетларига малака оширишга юбориш ҳамда халқаро таълим дастурлари жорий этиладиган таълим йўналишлари учун ўқув-методик таъминотни босқичма-босқич яратиш режалаштирилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА