Педагог фарзанди учун контрактнинг 30 фоизи — янги имтиёз нимани ўзгартиради?
Олий таълимда ўқиш харажатлари кўплаб оилалар учун жиддий молиявий юк бўлши сир эмас. Айниқса, бир оилада бир нечта фарзанд шартнома асосида таҳсил олаётган бўлса, йиллик контракт тўлови оила бюджетига сезиларли таъсир кўрсатади. Энди давлат бу юкни қисман енгиллаштиришга қаратилган янги тартибни жорий этмоқда.
Ҳукуматнинг 2026 йил 17 сентябрдаги тегишли қарори билан педагогларнинг давлат олий таълим ташкилотларида ўқиётган фарзандларига тўлов-контракт суммаси бўйича 30 фоизлик чегирма бериш тартиби тасдиқланди. Янги тартиб 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб амал қилади. Унга кўра, давлат олий таълим ташкилотларининг бакалавриат босқичида кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган педагоглар фарзандларининг контракт тўловига 30 фоиз миқдорида чегирма берилади.
Муҳими, бу имтиёз фақат янги қабул қилинган талабаларга эмас. Давлат ОТМларида мазкур талабларга мос равишда таҳсил олаётган педагог фарзандлари ҳам ундан фойдаланиши мумкин.
Агар педагогнинг бир нечта фарзанди давлат ОТМларида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган бўлса, 30 фоизлик чегирма ҳар бир фарзанд учун алоҳида қўлланилади. Демак, имтиёз битта фарзанд билан чекланмайди. Бир нечта фарзанди белгиланган талабларга жавоб берадиган педагоглар учун бу оилавий харажатни сезиларли даражада камайтириши мумкин.
Бироқ чегирма барча ОТМ ва таълим шаклларига татбиқ этилмайди.
Хусусан, олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим ташкилотлари, Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий ОТМлар ва уларнинг филиаллари, нодавлат олий таълим ташкилотлари ушбу имтиёз доирасига кирмайди. Шунингдек, қўшимча ва табақалаштирилган тўлов-контракт асосида таҳсил олаётганлар, хорижий ҳамкор ОТМларнинг қўшма таълим дастурлари ва факультетларида ўқиётган талабаларга ҳам мазкур чегирма қўлланилмайди.
Педагог фарзандининг контракт шартномасини олиш учун қўшимча қоғозбозлик талаб этилмайди, kontrakt.edu.uz тизими орқали ариза юборилади. Аризани кўриб чиқиш жараёнида талабанинг педагог фарзанди эканлиги “Рақамли ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали автоматик равишда текширилади. Маълумотлар тасдиқланса, чегирма автоматик тарзда қўлланилади. Ариза масъул ташкилот томонидан икки иш куни ичида кўриб чиқилади.
Яна бир муҳим жиҳат — 30 фоизлик чегирма ҳар бир ўқув йили учун бир марта қўлланилади. Шу билан бирга, имтиёзнинг амал қилиши педагог мақомига ҳам боғлиқ. Агар талабанинг отаси ёки онаси педагоглар тоифасидан чиқарилса, кейинги ўқув йилидан бошлаб чегирма қўлланилмайди.
Умуман олганда, янги тартиб педагогларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг яна бир механизми сифатида қаралиши мумкин. Чунки педагог меҳнати нафақат таълим жараёни, балки оиласида фарзандларининг таълим олиши билан боғлиқ харажатларни ҳам ўз ичига олган кенг ижтимоий масала билан туташади.
30 фоизлик чегирма ҳар бир оила учун турлича миқдордаги маблағни тежаш имконини беради. Айниқса, бир нечта фарзанди контракт асосида ўқиётган педагоглар учун ушбу имтиёзнинг амалий аҳамияти янада юқори бўлиши мумкин. Энг асосийси, чегирмадан фойдаланиш жараёни рақамлаштирилган: ариза электрон тарзда берилади, педагоглик мақоми идоралараро маълумот алмашинуви орқали тасдиқланади ва талаб этилган шартлар бажарилганда имтиёз автоматик қўлланилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА