“Pearson BTEC” халқаро таълим дастури асосида малакали кадрлар тайёрланмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар 1-сон техникумида Буюк Британиянинг “Pearson BTEC” халқаро таълим дастури жорий этилганига бир ўқув йили бўлди.
Давлатимиз раҳбари яқинда Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида мазкур техникумда яратилган шароитлар билан танишди. Халқаро меҳнат бозорида малакали кадрларга талаб ортиб бораётганини қайд этиб, ўқув жараёнларини иш берувчилар эҳтиёжларига мувофиқ ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Бугунги кунда меҳнат бозорида замонавий касбий кўникмаларга эга, халқаро стандартлар асосида ишлай оладиган мутахассисларга талаб ортиб бормоқда. Шу боис касбий таълим нафақат назарий билим бериши, балки ёшларни касбни пухта эгаллаган, ишлаб чиқаришда мустақил фаолият юрита оладиган мутахассис сифатида тайёрлаши лозим.

Қорақалпоғистон Республикасида бу йўналишдаги ишларнинг муҳим қисми ушбу техникумда “Pearson BTEC” халқаро таълим дастурларини жорий этиш билан боғлиқ. Дастур битирувчиларнинг малакасини халқаро талаблар даражасига етказиш ва уларнинг бандлигини таъминлашга хизмат қилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 16 октябрдаги “Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида техникумда 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб “Pearson BTEC” дастури асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Ҳозирда беш мутахассислик бўйича жами 275 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Шундан 149 нафари биринчи, 126 нафари иккинчи курсда ўқийди. Ўқувчилар ишлаб чиқариш муҳандислиги (пайвандловчи), электр ва электрон муҳандислик (электромонтёр), ахборот технологиялари (компьютер графикаси ва дизайн оператори), меҳмондўстлик ва овқатланиш хизмати (ошпаз), рақамли муҳандислик (дастурий инжиниринг) мутахассисликлари бўйича таҳсил олмоқда. Йўналишлар ҳудуддаги ишлаб чиқариш корхоналари, хизмат кўрсатиш соҳаси ва рақамли иқтисодиёт эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда танланган.

“Pearson BTEC” йўналишида ҳозирда 9 нафар педагог фаолият юритмоқда. Уларни моддий рағбатлантиришда амалий натижалар, ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари ва касбий компетенциялари ҳисобга олинадиган KPI тизими жорий этилган. Бу ёндашув педагоглар масъулиятини ошириш ва натижага йўналтирилган иш услубини шакллантиришга қаратилган.
Касбий таълим самарадорлиги, энг аввало, битирувчининг касби бўйича иш топа олиши билан белгиланади. Шу сабабли техникум иш берувчилар билан ҳамкорликни устувор вазифа деб билади. Жумладан, Нукус шаҳридаги “Karakalpak Palace Hotel” масъулияти чекланган жамияти билан ошпазлик, “Concrete Build” масъулияти чекланган жамияти билан пайвандлаш, “Azimut Hotel” масъулияти чекланган жамияти билан меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш, IT Park Қорақалпоғистон Республикаси филиали билан дастурий инжиниринг, “Замонавий технология ва компьютер» масъулияти чекланган жамияти билан компьютер графикаси ва дизайн, “Ҳудудий электр тармоқлари” Қорақалпоғистон Нукус филиалида электромонтёрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Бундай ҳамкорлик ўқувчиларга касбни фақат назарий жиҳатдан эмас, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш муҳитида ўрганиш имконини беради. Иш берувчилар эса келажакда ўз корхонасида ишлаши мумкин бўлган мутахассисларни тайёрлаш жараёнида бевосита қатнашади. Дуал таълим шаклида 72 нафар ўқувчи ўқитилмоқда. Бу эса таълимни меҳнат фаолияти билан уйғунлаштиришга хизмат қилади.
Касбий таълимнинг яна бир йўналиши — ёшларни халқаро талабларга мос тайёрлаш ва хорижда меҳнат қилиш имкониятларини кенгайтириш ҳисобланади. Бу борада пайвандлаш соҳасидаги тажриба эътиборга лойиқ. “Karakalpak International Welding Academy” масъулияти чекланган жамияти, Латвиянинг “Certification Center Ltd.” ҳамда унинг “Certcenter” шўъба корхонаси ҳамкорлигида Европа Иттифоқининг EN ISO 9606 стандарти бўйича пайвандчиларни синовдан ўтказиш ва сертификатлаш тизими йўлга қўйилган. Бугунги кунда 43 нафар тингловчи ўқув курслари ва халқаро аттестация жараёнини тамомлаган. Уларнинг 5 нафари халқаро стандартларга мос ISO сертификатини олишди.
Зарур малака ва сертификатга эга мутахассисларни Эстония Республикасининг ишлаб чиқариш ва саноат корхоналарига ишга жойлаштириш бўйича келишувларга эришилган. Бу тажриба ёшларга касб ўргатиш билан бирга, малакасини халқаро мезонлар асосида тасдиқлаш ва иш берувчилар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш муҳимлигини кўрсатади.
Халқаро дастурлар фақат битта техникум билан чекланмайди. Нукус илғор касбий маҳорат техникумида Германиянинг Avestos дастури асосида бино қурилиши, қурилиш ва металлга қайта ишлов бериш йўналишларида, Pearson дастури асосида эса ахборот технологиялари йўналишида жами 80 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Нукус шаҳар 1-сон Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида Швейцариянинг “Globogate” дастури асосида 38 нафар ўқувчи ҳамширалик йўналишида тайёрланмоқда. 2-сон Жамоат саломатлиги техникумида ҳам “Pearson” дастури асосида ҳамширалик иши бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, республикада халқаро таълим дастурлари асосида жами 500 нафар ўрта бўғин мутахассиси тайёрланмоқда. Бу ҳудудда касбий таълим мазмунини халқаро тажриба асосида янгилаш ва иш берувчилар билан ҳамкорликни кучайтириш учун замин яратади.
Замонавий касбий таълимнинг муҳим хусусиятларидан бири ўқув жараёнини реал ишлаб чиқариш билан боғлашдир. Техникум ҳудудида “Solar Sall” масъулияти чекланган жамияти билан ишлаб чиқариш ташаббуси амалга оширилмоқда. Корхона 2023 йил январидан фаолият юритади, саноат ва қайта ишлаш ускуналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ва 15 нафарга яқин маҳаллий мутахассисни доимий иш билан таъминлаган.
Нукус шаҳар 1-сон техникуми тажрибаси шуни кўрсатадики, халқаро дастурларни жорий этиш, педагогларни рағбатлантириш, иш берувчилар билан ҳамкорлик ва ишлаб чиқариш билан интеграция ўзаро боғлиқ жараёнлардир. Уларни изчил давом эттириш ёшларга замонавий касбларни эгаллаш, малакасини халқаро мезонлар асосида тасдиқлаш ва маҳаллий ҳамда хорижий меҳнат бозорида муносиб иш топиш учун янги имкониятлар очади.
Байрамбай Аймбетов,
Қорақалпоғистон Республикаси Касбий таълим
агентлиги директори
ЎзА