Пайариқда секторлар боғлари ташкил этилмоқда
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида айни пайтда давом этаётган кузги дарахт экиш мавсумида Пайариқ туманида 556 минг туп дарахт ва бута кўчати экилиши кўзда тутилган.
Ўтган ҳафта тумандаги барча маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар ўз ҳудудида кўчат экишга киришди. Маҳаллаларнинг ҳар бирига 200 тупдан мевали ва манзарали дарахт кўчати тарқатилди. Кластер ва фермер хўжаликларига тегишли ер майдонлари четларида 125 минг туп, автомобил йўллари ёқасига 25 минг туп кўчат ўтқазилмоқда.



– Халқимизга, ташкилот ва муассасаларга ўзимиз ибрат бўлишимиз учун дастлаб тўрт секторнинг боғларини яратишга аҳд қилдик, – деди Пайариқ тумани ҳокими Исроил Жабборов. – Гўзал маҳалласида биринчи ва иккинчи сектор учун, Маниобод маҳалласида учинчи ва Қумчуқда тўртинчи сектор учун 50 сотихдан бўш, фойдаланилмай турган ер ажратилиб, боғлар ташкил қилдик. Бу жойлар бошқа ҳудудлардан туманимизга кириб келиш жойлари ҳисобланади, Пайариққа келаётган киши аввало ана шу боғларни кўради. Ҳар бир боғ учун масъуллар белгиланиб, экилган кўчатларни тўлиқ кўкартириб олиш ва парваришлаш чоралари кўрилмоқда.


Бундан ташқари туманда ҳар бир ташкилот ўз ҳудудини кўкаламзорлаштириб, боғлар яратмоқда.


Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари