Пахтазорлар 38 фоизга қисқарган бўлса-да, ҳосил салкам уч баробарга кўпайди
Мамлакатимиз тарихида илк бор 5 миллион тоннадан зиёд пахта хирмони йиғилиб, рекорд натижага эришилди. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари деҳқон ва фермерлар, кластер ходимлари ва барча қишлоқ хўжалиги ходимларига табрик йўллади.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси Муқаддасхон Аҳмедова ўз фикр-мулоҳазалари ва муносабатини билдирди:
— Бу йил юртимиз учун ниҳоятда баракали йил бўлди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар пахтачиликда ҳам ўзини кўрсатди. Пахта ҳосилини етиштиришда биз бу йил 5 миллион тоннани забт этдик. Бу – Ўзбекистон тарихида илк маротаба бўлаётган жараён ҳисобланади.
Шу муносабат билан юртбошимизнинг бутун халқимизга, фермер-деҳқонларимизга йўллаган табригини ўқир эканман, беҳад фахрланиб кетдим. Рақамларга тўхталсак, пахта йиғим-теримида ўтган асрнинг 80-йилларида 2 миллион гектар пахта майдонлари бўлган бўлса-да, ҳосил 3 миллион тонна ҳисобида олинган. Мустақиллик йилларида, ҳатто 2000-йилларда ҳам 1,4 миллион гектарда пахта етиштирилган ва ҳосил 3 миллион тоннадан ортмаган. Қолаверса, ўқитувчидан тортиб, ўқувчи-талабалар, барча ташкилотлар ходимлари пахта мавсумида далаларда бўлганимизни жуда яхши эслаймиз.
Сўнгги йилларда юртбошимиз томонидан яратилган имкониятлар асносида қишлоқ хўжалиги экин майдонларига илмнинг олиб кирилиши, замонавий технологияларнинг қўлланилиши ва қолаверса, сунъий интеллектдан фойдаланилиши ўз натижасини кўрсатди. Яъни, пахта майдонлари 38 фоизга қисқарган бўлса-да, олаётган ҳосилимиз салкам уч баробарга кўпайди — ҳосил 21 центнердан 56 центнерга кўтарилди.
Бу ўз-ўзидан эришилган марралар эмас. Бу - соҳага қаратилаётган эътибор, фермер ва деҳқонларимизга шароит яратиб берилиши, қонунчиликнинг такомиллаштирилиши, хорижий тажрибалар ўрганилгани, хориждан замонавий қишлоқ хўжалиги агротехнологияларининг олиб кирилиши, бир сўз билан айтганда, соҳада яратиб берилган кенг имкониятлар натижасидир.
Ҳосилнинг 85 фоизи йиғим-терим машиналарида териб олингани ҳам катта ютуқ. Бу халқимизни, айниқса, пахта йиғим-теримида иштирок этиши мумкин бўлган аёлларимизни оғир меҳнатдан халос этди. Қолаверса, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга жуда катта эътибор қаратилаётганидан далолат беради.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА