“Пахтакор” янги мавсумга жиддий тайёрланмоқда
Шу кунларда Тошкентнинг “Пахтакор“ футбол клуби Туркиянинг Анталия шаҳридаги янги мавсумга тайёргарлик кўриш мақсадида ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда.
Турли машғулотлар, ўйинчиларнинг ҳолати ва жисмоний тайёргарлигини назорат қилиш мақсадида пойтахтимизнинг бош жамоаси йиғин доирасидаги иккинчи ўртоқлик учрашувини Озарбайжоннинг “Турон“ жамоасига қарши ўтказди. Учрашувнинг 10-дақиқасида Маҳмуд Маҳамаджонов ҳисобни очган бўлса, 82-дақиқада Башар Ресан орадаги фарқни иккитага ошириб қўйди.

Эслатиб ўтамиз, “Пахтакор” Анталия шаҳридаги биринчи назорат ўйинида Руминиянинг “Унериа Слобоциа“ клубини ҳам айнан 2:0 ҳисобида енгган эди.

Энди “Пахтакор” 15 январь куни “Карвина“ (Чехия) жамоасига қарши учинчи назорат учрашувини ўтказади. Шунингдек, йиғин якунига қадар 18 январь куни “Елимай“ (Қозоғистон), 26 январда “Актобе“ (Қозоғистон) ва 28 январь куни эса “Силекс“ (Шимолий Македония) жамоалари билан ўртоқлик ўйинида майдонга тушади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА