«Пахтакор» Тошкент дербисида ғалаба қозонди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 16-турида «Андижон» – «Сурхон», «Пахтакор» – «Локомотив» клублари ўзаро рақобатлашди.
Мазкур турнинг энг қизиқарли учрашувларидан бири бўлган «Андижон» ва «Сурхон» баҳсида кутилмаган натижа қайд этилди. Учрашувда дастлаб, «Сурхон» жамоаси ярим ҳимоячиси Достонбек Турсунов 23-дақиқада ҳисобни очган бўлса, иккинчи бўлимнинг 60-дақиқасида Абдурауф Ҳайдаров ҳисобни 2:0га етказди.

«Андижон» клуби ушбу кутилмаган вазиятдан чиқиб кетиш учун босимни ва ҳужумларини янада кучайтирди. Натижада захирадан майдонга туширилган Рустам Турдимуродов 76-дақиқада ҳисобни қисқартирди. Орадан 5 дақиқа ўтгач, бурчак зарбасидан кейин Владимир Бубанья ҳисобни тенглаштирди. Бироқ «Сурхон» ўйин тизгинини яна қўлга олиш мақсадида тезкор қарши ҳужумга ўтди. Бунинг самарасида Суннатилло Ҳамиджонов 80-дақиқада рақиб дарвозага тўпни жойлаб қўйди ва жамоасининг 3:2 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади. Дарвоқе, ушбу ўйин гарчи ёмғир остида ўтган бўлсада, «Бобур арена» стадионига 7 минг 852 нафар мухлис ташриф буюрди.
Сафардаги ғалабадан сўнг «Сурхон» очколарини 22 тага етказди ва 6-ўриндан жой олди. Андижон эса 19 очко билан 9-ўринда қолди.
Шунингдек, пойтахтимиздаги «ЖАР» стадионида ўтган Тошкент дербисида «Пахтакор» кутилганидек 3:1 ҳисобида «Локомотив» жамоасини доғда қолдирди. Бу ғалаба эвазига «Пахтакор» 25 очко жамғарган ҳолда Суперлига жадвалининг 4-поғонасига кўтарилди. «Локомотив» эса 12 очко билан 12-ўринга жойлашди.
Бугун, 19 август куни, «Навбаҳор» – «Бунёдкор» жамоалари ўртасидаги учрашув 16-турни якунлаб беради.
Ушбу учрашув олдидан мазкур жамоаларнинг ўзаро ўйинлари статистикасини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ўзбекистон чемпионатлари тарихида ушбу жамоалар ўзаро 37 маротаба куч синашган. Ўтказилган ўйинларнинг 21 тасида «Бунёдкор» ғалаба қозонган бўлса, «Навбаҳор» 9 та ўйинда зафар қучган. Еттита учрашув дуранг билан якунланган. Тўплар нисбати 67:38, «қалдирғочлар» фойдасига. Ўзаро ўйинларда «Бунёдкор» 70 очко, «Навбаҳор» эса 34 очкони қўлга киритган.
Ушбу клубларнинг ўзаро беллашувларидаги энг йирик ҳисоб 2009 йили Тошкентда бўлиб ўтган баҳсда «Бунёдкор» 6:0 ҳисобида ғолиб бўлган.
Мазкур жамоалар иштирокидаги Наманганда бўлиб ўтган 18 та ўйиннинг 8 тасида мезбонлар, 7 тасида эса меҳмонларнинг қўли баланд келган бўлса, учта учрашувда ғолиб аниқланмаган. Шуни таъкидлаш лозимки, «Бунёдкор» 2019 йилдан бери Наманганда ўтаётган учрашувларда ғалаба қозона олмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, «Навбаҳор» – «Бунёдкор» учрашуви бугун, 19 август куни «Марказий» стадионида соат 19:30 да старт олади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА