Пахтачиликда замонавий технологиялар қўлланилмоқда
Сўнгги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, тармоққа инновацион технологияларни жорий этиш ва самарадорликни оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, пахтачилик соҳасидаги янгиланишлар ўз натижасини кўрсата бошлади.
Навоий вилояти Кармана туманида ҳам 2026 йил ҳосили учун чигит экиш ишларига пухта тайёргарлик кўрилган бўлиб, барча жараёнлар замонавий ёндашувлар билан ташкил этилмоқда.

“KARMANA WORLD AGROTECH” МЧЖ пахта даласида “Шинжон” технологияси асосида пахта етиштириш самарадорлигини оширишга қаратилган амалий семинар ўтказди.

Жорий йилда туманда 5949 гектар майдонда хорижий нав чигит қўшқатор усулда экилади, бу ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади.
Туманда 25 та замонавий пневматик ва 8 та “Шинжон” сеялкаси орқали чигит экиш ишлари қисқа муддатда ва юқори сифатда якунланади.

Шунингдек, “Шинжон” усулида экиш режалаштирилган 2005 гектар майдон учун барча зарур ресурслар – 180,5 тонна плёнка ва етарлича шланг тайёрланган. Бу эса ресурслардан оқилона фойдаланиш ва агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш имконини беради.
Замонавий технологиялар, илғор тажрибалар ва самарали ташкилий ёндашув юқори ҳосилдорликка эришиш, фермерлар даромадини ошириш ҳамда тармоқни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
А. Бўриев, ЎзА мухбири