Пахта теримида янги давр нафаси: техника ортидаги билим ва маҳорат
Пахта юртимиз қишлоқ хўжалигида нафақат муҳим иқтисодий ресурс, балки кўп асрлик меҳнат маданияти, деҳқончилик тажрибаси ва халқимиз турмуши билан чамбарчас боғлиқ қадриятдир. Аммо бугун пахта даласидаги манзара кечагидан тубдан фарқ қилади. Илгари бир неча ўнлаб инсонларнинг оғир жисмоний меҳнати эвазига бажарилган ишларни бугун замонавий, юқори унумли машиналар қисқа вақтда амалга оширмоқда. Демак, замон ўзгаргани сари меҳнатнинг мазмуни ҳам, унга қўйиладиган талаблар ҳам ўзгармоқда.
Айни жиҳат Бухоро давлат техника университетида ташкил этилган “Пахта териш машиналари механизаторларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув курслари”да яққол намоён бўлмоқда.
Пахта терими ҳақида сўз борганда, аввало, унинг кечаги ва бугунги қиёфасини тасаввур қилиш муҳим. Илгарилари пахта терими асосан қўл меҳнатига таянган, бир гектар майдондаги ҳосилни йиғиб-териб олиш учун кўплаб инсонларнинг саъй-ҳаракатлари талаб этилган. Терим суръати об-ҳаво, инсоннинг жисмоний имконияти ва меҳнат унумдорлигига бевосита боғлиқ бўлган.
Бугун эса далага бир замонавий пахта териш комбайни кириб келиши билан бутун меҳнат жараёнининг мазмуни ўзгаради. Юқори унумли техника бир вақтнинг ўзида катта ҳажмдаги пахтани териб, иш жараёнини тезлаштиради, меҳнат сарфини камайтиради ва инсон омили билан боғлиқ айрим йўқотишларни сезиларли даражада қисқартиради.
Бироқ замонавий техника қанчалик мукаммал бўлмасин, уни бошқарадиган инсоннинг билими ва маҳорати ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Яъни бугун далани фақат техника эмас, техника ва билимли мутахассис биргаликда бошқаради.
Шу маънода механизатор тайёрлаш оддий касбий ўқув эмас, балки пахтачиликнинг келажагига сармоядир.

Қишлоқ хўжалигини замонавийлаштириш, меҳнат унумдорлигини ошириш, агротехнологияларни кенг жорий этиш ва фермерларни юқори самарадор техника билан таъминлаш масалалари давлат сиёсати даражасида устувор йўналишлардан бири сифатида қаралмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кейинги йилларда қишлоқ хўжалигида механизация ва рақамлаштиришни кучайтириш, замонавий техникалардан самарали фойдаланиш, соҳада малакали кадрлар салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу эътиборнинг замирида оддий, аммо жуда муҳим ҳақиқат бор: техника харид қилишнинг ўзи етарли эмас – уни самарали бошқарадиган, созлайдиган ва ундан унумли фойдалана оладиган мутахассис ҳам керак.
Бухородаги мазкур ўқув курслари ана шу талабдан келиб чиқиб ташкил этилгани билан аҳамиятли.
Ўқув курсининг очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари А. Назаров сўзга чиқиб, пахта терими мавсумини уюшқоқлик билан ўтказишда малакали механизаторларни тайёрлаш, замонавий пахта териш техникаларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Курс давомида Бухоро давлат техника университетининг профессор-ўқитувчилари томонидан иштирокчиларга пахта теримига оид қўшма қарорнинг мазмун-моҳияти, пахта териш машиналарининг асосий қисмлари, тузилиши, ишлаш принципи ва техник имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар берилмоқда.
Тақдимотлар, назарий машғулотлар ва савол-жавоблар орқали механизаторларнинг билимлари мустаҳкамланиб, замонавий техниканинг имкониятларини чуқур англашга эътибор қаратилмоқда.
Энг муҳими, бу ерда назария амалиётдан узилмаган.
Ўқув курсларида “JOHN DEERE”, “FM WORLD” ва “BOSHIRAN” компанияларининг малакали мутахассислари иштирокида амалий машғулотлар ташкил этилмоқда. Уларда механизаторлар пахта териш комбайнларини бошқариш, бирламчи сервис хизмати кўрсатиш, терим аппаратларини ажратиш ва қайта йиғиш, техник жиҳатдан созлаш, иш жараёнида техниканинг имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлмоқда.
Бу эса оддий “машина ҳайдаш”дан анча юқори тушунча. Бугунги механизатор техника оператори, технолог ва айни пайтда техник ҳолатни баҳолай оладиган мутахассис бўлиши талаб этилади.
Курсларнинг кўлами ҳам эътиборга молик.
Айни пайтда мавжуд 52 та ҳамда янгидан харид қилиниши режалаштирилган 100 та пахта териш комбайнининг ҳар бирига 2 нафардан механизатор бириктирилиши кўзда тутилган. Шу асосда жами 304 нафар механизаторнинг рўйхати шакллантирилган.
Оддий рақамдек кўринадиган бу кўрсаткич ортида катта ташкилий вазифа мужассам. Чунки ҳар бир комбайннинг узлуксиз ишлаши, техникадан оқилона фойдаланиш, эҳтимолий носозликларни ўз вақтида аниқлаш ва терим суръатини пасайтирмаслик бевосита механизаторнинг малакасига боғлиқ.
Агар бир комбайннинг тўхташи бутун терим жараёнида муайян узилишни келтириб чиқариши мумкинлигини ҳисобга олсак, малакали кадр тайёрлашнинг иқтисодий аҳамияти янада яққол кўринади.

Замонавий пахта териш техникаси меҳнатни енгиллаштиради. Аммо бу техникага бўлган масъулиятни камайтирмайди, аксинча, оширади.
Комбайннинг техник ҳолати, терим аппаратининг тўғри созланиши, ҳаракат тезлиги, даланинг ҳолати, пахтанинг пишиб етилганлик даражаси ва бошқа омилларни инобатга олиш — буларнинг барчаси юқори малакани талаб қилади.
Нотўғри бошқарилган техника нафақат иш унумдорлигини пасайтиради, балки ҳосилнинг нобуд бўлишига, ёқилғи ва эҳтиёт қисмлар сарфининг ортишига, техниканинг муддатидан олдин эскиришига ҳам олиб келиши мумкин.
Шунинг учун бугунги ўқув курсларининг мақсади фақат механизаторга комбайнни бошқаришни ўргатиш эмас. Асосий вазифа – техникани иқтисодий, хавфсиз, эҳтиёткор ва юқори самара билан бошқарадиган профессионал кадрни шакллантириш.
Пахта теримида ҳар бир кун, ҳатто ҳар бир соат муҳим. Ҳосилни ўз вақтида ва сифатли йиғиб олиш, техникалардан самарали фойдаланиш, меҳнат унумдорлигини ошириш – буларнинг барчаси якунда иқтисодий натижага айланади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Бухоро давлат техника университетидаги ушбу курсни пахта терими мавсуми олдидан оддий тайёргарлик тадбири эмас, балки қишлоқ хўжалигида инсон капитали ва технологик салоҳиятни оширишга қаратилган муҳим қадам, дейиш мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири