Пахта саноати келажаги: халқаро мулоқотда янги вазифалар ва инновацион ечимлар муҳокама қилинди
Бугун жаҳон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати туб ўзгаришлар ҳамда кескин синовлар даврини бошдан кечирмоқда.
Иқлим исиши, сув ва ресурс тақчиллиги, кучайиб бораётган экологик талаблар ҳамда харидорнинг маҳсулот келиб чиқишига юқори эътибори пахтачиликдан тортиб, озиқ-овқат хавфсизлигигача бўлган бутун соҳага батамом янгича ёндашувни талаб этмоқда.
Айни масалаларга жавоб излаш мақсадида минтақамизда ҳам турли анжуманлар ўтказилиб, соҳанинг етакчи экспертлари ва мутахассислари изчил мулоқот олиб бормоқда.
Хусусан, Халқаро пахта кунига бағишланган тадбир доирасидаги панель сессиялари шунчаки мавжуд ҳолатни шарҳлаш эмас, балки тармоқнинг узоқ муддатли истиқболини белгилайдиган йирик майдонга айланди. Муҳокама чоғида тупроқни қайта тиклашга қаратилган регенератив қишлоқ хўжалиги, биочар технология, карбон бозори, маҳсулотни чигитдан тайёр маҳсулотгача кузатиш тизими, масъулиятли таъминот занжири ҳамда иқлим молияси каби омиллар соҳа келажагини белгиловчи асосий устун сифатида эътироф этилди. Иқтисодий, технологик ва экологик жиҳатлар бир нуқтада жамланиб, барқарор ривожланиш модели шакллантирилди.
Озиқ-овқат хавфсизлиги ва Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатларнинг Глобал техник форуми иш бошлади. “Weaving Prosperity: Land-linked Agrifood Systems for Landlocked Countries” мавзусидаги нуфузли тадбирда денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш имкони бўлмаган давлатлардаги транспорт харажати, логистика, ташқи бозорга чиқиш ва таъминот занжири заифлиги каби ўткир муаммолар атрофлича таҳлил қилинди. Қурғоқчилик, экстремал об-ҳаво ва ресурслар нархи беқарорлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги шунчаки бир давлатнинг ички иши эмас, балки савдо, инвестиция, иқлим ва халқаро ҳамкорлик билан узвий боғлиқ йирик масалага айлангани таъкидланди.
Тошкент форуми иштирокчи мамлакатларга ички муаммоларини айрича эмас, балки умумий агроозиқ-овқат тизимининг бир-бирига боғлиқ бўғинлари сифатида комплекс кўриш имконини берди. Зеро, янги технологиясиз маҳсулдорликка эришиб бўлмайди, сармоясиз технологияни жорий этиб бўлмайди, самарали бозорсиз иқтисодий манфаатдорликни таъминлаб бўлмайди. Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган Ўзбекистон учун бу анжуман шунчаки мезбонлик эмас, балки ўз тажрибасини бўлишиш, илғор хорижий билимни ўзлаштириш ва дунёвий муаммоларга биргаликда ечим топиш йўлида амалий қадам ташлаш учун муҳим платформа вазифасини ўтади.
[gallery-31812]
Фардона Яхшибоева,
Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА