Пахта – 2026: Дўстликда комбайнлар теримга тушди (+видео)
Жиззах вилояти Дўстлик тумани пахтазорларида бир йиллик меҳнатнинг энг масъулиятли палласи – оқ олтинни йиғиб-териб олиш мавсуми бошланди. Энди ҳар бир очилган кўсак, ҳар бир терилган килограмм пахта йил давомида қилинган меҳнатнинг амалий натижасига айланади.
Бу йил Дўстлик туманида 13 минг гектар майдонда пахта етиштирилди. Туман пахтакорлари олдидаги мақсад эса салмоқли – ҳар гектардан ўртача 55,8 центнердан ҳосил олиш. Оддий ҳисобнинг ўзиёқ бу рақамнинг салмоғини кўрсатади: мавжуд майдон ва режалаштирилган ҳосилдорлик асосида 72,5 минг тонна атрофида пахта олиш имконияти бор.
Демак, даладаги бугунги ҳар бир ҳаракатнинг ортида катта хирмон турибди.

Бу масъулиятни ҳис қилиб, мавсумни биринчи бўлиб бошлаган хўжаликлардан бири Мурод Абдувосиев номли фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмасидаги “А-Кубро” фермер хўжалиги. Хўжаликнинг 30 гектарлик майдонида бошланган дастлабки теримда ҳар гектардан 70 центнер ҳосил олинаётир.
70 центнер бу шунчаки рақам эмас. Бу рақам ортида сувни ўз вақтида етказиш, ғўза парвариши, озиқлантириш, касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш, энг муҳими, даладаги ҳар бир агротехник тадбирни ўз вақтида бажаришдек машаққатли жараён бор.

Дўстлик туманидаги 384 та фермер хўжалиги учун бугунги вазифа битта: етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмай, қисқа муддатда ва сифатли йиғиш.
Зеро, замонавий пахтачиликда ҳосилни етиштиришнинг ўзи кифоя эмас. Уни ўз вақтида йиғиб олиш, далада қолдирмаслик, сифатини сақлаган ҳолда қабул пунктларига етказиш ҳам алоҳида масъулиятни талаб қилади.

Теримдан бўшаган майдонлар тақдири ҳам эътибордан четда эмас. Ғўзапояларни мулчер асосида ўриб, майдонни тезда кейинги экинга тайёрлаш бугунги пахтачиликдаги муҳим талаблардан.
Дўстлик далаларида ҳозир ана шу жараён бошланган. “А-Кубро”даги дастлабки натижалар эса мавсумнинг умидли кириб келаётганидан дарак бермоқда.

Оқ олтиннинг ҳар бир толаси даладаги бир кунлик эмас, бир йиллик меҳнат маҳсули. Шу боис бугунги терим эртанги хирмон, катта хирмон эса эл дастурхони ва фаровонлиги демакдир.
Дўстлик тумани пахтакорлари шу эзгу мақсад йўлида далага чиққан.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири