Партиянинг 20 йиллиги нишонланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Савдо-саноат палатаси Андижон вилоят бошқармасининг мажлислар залида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) ташкил топганлигининг 20 йиллигига бағишланган байрам тадбири ташкил этилди. Унда Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгаши депутатлари, фахрийлари, вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари раислари, аппарат раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирини Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати, ЎзЛиДеП вилоят Кенгаши раиси Хуршидахон Халилова очиб, партиянинг 20 йиллик байрам тадбири билан барчани қутлади. Ўтган давр тарих олдида қисқа вақт бўлсада, халқ ишончини қозониб, салмоқли ишларни амалга оширишга эриша олган партия учун сарҳисоб қилса арзийдиган давр бўлганлигини таъкидлади.
[gallery-15024]
– Бундан 20 йил олдинги оддий тадбиркор, ўқув маркази раҳбари бугун ўсиб-улғайиб, камолга етиб, йирик ишлаб чиқариш устаси, етакчи компания раҳбари, кластер бошлиғи, бренд маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхона директори, йирик сармоядор ва сиёсий лидерга айланди, - дейди партия вилоят раҳбари Х. Халилова. – Айтиш жоиз, кенг қамровли, тўла қувват билан иш олиб бораётган корхона етакчилари аввало, ишнинг кўзини билиб ҳаракат қилиш асносида катта даромад ва муваффақиятга эришмоқда. Биз давр билан ҳамнафас бўлиб, бошлаган ишларимизнинг натижадорлигига эришамиз.
Тадбирда ЎзЛиДеп вилоят Кенгаши фахрийларидан М.Эгамова, Р.Тўрахонов, Р.Саттарова, М.Мамажонов, Р.Турдиев ва партия фаоллари сўзга чиқиб, партия фаолияти, ғоя ва ташаббуслари, олиб борилган амалий ишлар самараси хусусида сўз юритди.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ(сурат),ЎзА